Сурияда яна қон тўкилмоқда. Юзлаб тинч аҳоли ҳалок бўлди

Олам

image

Сурия хавфсизлик кучлари ва уларнинг иттифоқчилари 6 мартдан бери расмийлар ва собиқ президент Башар Асад ҳукуматига содиқ жангарилар ўртасидаги тўқнашувларда мамлакатдаги алавий озчиликка мансуб 311 нафар тинч аҳолини ўлдирган. Бу ҳақда бугун, 8 март куни қароргоҳи Буюк Британияда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари бўйича обсерваторияси (SOHR) маълум қилди.

AFP агентлиги ва “France 24” каналининг хабар қилишича, амалдаги  ҳокимиятнинг бундай ҳаракати ҳокимиятдан ағдарилган Асад режими тарафдорлари томонидан амалга оширилган ҳужумлардан келиб чиққан.

Қайд этилишича, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” бошчилигидаги кучлар 2024 йил декабрида Сурияда яшин ҳужумида Асадни ағдариб, ҳокимиятни қўлга киритганидан бери улар Асад уруғига мансуб алавий озчилик вакилларининг мунтазам ва зўравон ҳужумларига дуч келишди.

6 март куни Суриянинг янги ҳукумати этник гуруҳнинг Ўртаер денгизидаги марказида йирик қарши операция бошлади. SOHR'га кўра, тинч аҳоли хавфсизлик кучлари ёки ҳукуматпараст жангчилар томонидан “уйлар ва мулкларни талон-торож қилиш” билан бирга амалга оширилган “қатл”ларда ўлдирилган.

“Жабрланганларнинг аксарияти мудофаа ва ички ишлар вазирликларига алоқадор шахслар томонидан судсиз ва терговсиз қатл этилган. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар ва болалар ҳам бор”, дейди кузатувчилар.

Ҳисоботда айтилишича, қурбонлар сони 524 кишига етган, жумладан, янги ҳукумат хавфсизлик кучларининг 93 нафар аъзоси ва Асадга содиқ 120 аскар бор.

Суриянинг SANA давлат ахборот агентлиги бугун, 8 март куни эрта тонгда “ағдарилган Асад режимининг қолдиқлари” қирғоқ бўйидаги Латакия шаҳридаги миллий шифохонага ҳужум уюштиргани ҳақида хабар бериб, “умумий хавфсизлик кучлари ҳужумни қайтармоқда” дея қўшимча қилди.

Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара ўз мурожаатида исёнчиларни “кеч бўлмасдан туриб қуролларини ташлаб, таслим бўлишга” чақирди.

“Сиз барча сурияликларга ҳужум қилдингиз ва кечирилмас хатога йўл қўйдингиз. Бунинг ортидан қарши ҳужум ҳам келди ва сиз қаршилик қила олмадингиз”, деди у.

Сурия янги ҳукумати хавфсизлик хизмати вакили қирғоқ бўйидаги Латакия ва Тартус вилоятлари шаҳарлари, қишлоқлари ва тоғларида “хавфсизликни тиклаш” бўйича бошланган операция “Асад жангарилари қолдиқлари ва уларни қўллаб-қувватлаётганларга қарши қаратилган”ини айтди ва маҳаллий аҳолини “уйларида қолиш”га чақирди.

Асад қабиласининг таянчи ҳисобланган ва алавийлар жамоасининг салмоқли қисми истиқомат қиладиган Латакия вилоятида, шунингдек, Тартус ва Хомсда комендантлик соати эълон қилинган.

“Дамашқ ва бошқа вилоятлардан Латакия ва Тартусга қўшимча кучлар юборилди”, дея хабар беради Мудофаа вазирлиги.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Ҳаят Таҳрир аш-Шом Башар Асад ҳукумати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг