Сурияда ҳокимият ағдарилганидан кейинги биринчи сайловлар ўтказилади
Олам
−
28 Июль 3851 3 дақиқа
Сурияда 15-20 сентябрь кунлари маҳаллий парламент – Халқ кенгаши (Мажлис аш-Шаб)га навбатдан ташқари сайловлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда кеча, 27 июль куни Суриянинг июнь ойида тузилган сайлов комиссияси раиси Муҳаммад Таҳа ал-Аҳмадга таяниб, SANA давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Бир кун аввал ал-Аҳмад Сурияда ўтиш давридаги президент Аҳмад аш-Шарага сайловлар ўтказиш режаларини тақдим этган эди. Сурия сайлов комиссияси раҳбарининг сўзларига кўра, аш-Шара тегишли фармонни имзолаганидан сўнг уч ҳафта ичида Сурияда сайлов органлари тузилади, шундан сўнг номзодлар тегишли аризаларни топширишлари ва дебатлар ўтказишлари мумкин бўлади.
Режага кўра, республика халқ кенгаши таркибига 210 нафар депутат киради. Бироқ уларнинг фақат учдан икки қисми фуқаролар овози билан сайланади – қолган 70 нафари мамлакат президенти томонидан тайинланади. Ўтиш даврида парламент Сурия учун янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва мамлакат учун доимий конституция яратишга кўмаклашиш билан шуғулланади.
Март ойида аш-Шара ўтиш даври учун конституциявий декларацияни имзолади – унга кўра, муваққат парламент ваколат муддати дастлаб уч йил бўлади, шундан сўнг орган қайта сайланиши мумкин. Шу билан бирга, Халқ кенгаши давлат раҳбарини лавозимидан четлаштириш ёки унинг ваколатларини чеклаш ҳуқуқига эга бўлади. Шу билан бирга, ҳужжатда дастлабки босқичда олий ижро ҳокимиятини фақат президент амалга ошириши белгилаб қўйилган.
Сурияда Башар Асад ҳукмронлиги даврида Халқ Кенгашига сайловлар кўплаб қонунбузарликлар билан ўтказилган ва башорат қилинган ҳолда ҳукмрон партияси ғолиб бўлган. Сурия мухолифати ва қатор Ғарб давлатлари овоз бериш натижаларини тан олмаган.
Туркиянинг TRT медиа компаниясининг таъкидлашича, 2024 йил декабрида аш-Шара Сурияда парламент сайловлари бир неча йилдан кейин ўтказилиши мумкинлигини тан олган. Башар Асадни ағдарган гуруҳ етакчиси бу қарорни мамлакатда аҳолини рўйхатга олиш ва ундан олдин янги конституция тайёрлаш зарурати билан изоҳлаган.
Телеканал шу фонда Сурия расмийлари позициясининг ўзгаришига АҚШ ва ЕИ томонидан Дамашққа нисбатан санкция босимини юмшатгани сабаб бўлиши мумкинлигини қайд атади. ЕИ 2025 йилнинг февраль ва май ойларида Сурияга қарши санкцияларнинг бир қисмини бекор қилди ва июнь ойи охирида Вашингтон ҳамкорларидан ўрнак олди. Июль ойи бошида эса АҚШ аш-Шара етакчилик қилаётган “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳини террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариб ташлади.
2024 йил декабрида Башар Асад режимининг ағдарилиши ва унинг Россияга қочиб кетиши Сурияда 10 йилдан ортиқ давом этган фуқаролар урушига нуқта қўйди. Бироқ мамлакатдаги вазият барқарор эмас – ноябрь ойидан бери алоҳида этник гуруҳлар ўртасида низолар бир неча бор содир бўлган.
Июль ойида асосан друзлар яшовчи Сувайда вилоятида бу жамоа вакиллари ва бадавийлар ўртасида қуролли тўқнашувлар бўлиб ўтди. Лондонда жойлашган Сурия Инсон ҳуқуқлари обсерваторияси (SOHR) маълумотларига кўра, минтақада бир неча кун ичида 1250 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Live
Барчаси