“Суриш” керакми? Хориждаги ўзбек ёшлари нима дейди?
Таҳлил
−
30 Июнь 2023
37584Ўзбекистон – ёшлар мамлакати. Республиканинг 18 миллиондан зиёд аҳолисини ёшлар ташкил этади, бу умумий аҳолининг қарийб 50 фоизига тенгдир. Аммо сўнгги йилларда ёшлар ўртасида оммалашаётган “суриш керак” ҳештеги остидаги челленж Ўзбекистонни ёшлар мамлакати эмас, балки бутун дунёга ёшларни ишчи кучи сифатида тайёрлаб бераётган мамлакат сифатида кўрсатмоқда. Хўш, кўплаб ўзбекистонлик ёшлар нега ўз ватанидан кўра, чет элда ривожланишни, кареьрасини йўлга қўйишни афзал кўрмоқда? Бугун, 30 июнь – Ўзбекистон ёшлари куни муносабати билан QALAMPIR.UZ чет элда ўқиётган, ишлаётган ва ёш бўлишига қарамай, ютуқларга эришаётган йигит-қизлар билан суҳбатлашди. Уларнинг хорижий мамлакатлар ва Ўзбекистон ҳақидаги фикрларини эшитди.
АҚШ, Корея, Ирландия, Япония, Германияга қадами етган ёшлар
Азизбек Ҳамдамов: Ёшим 20 да. Тошкент вилоятининг Паркент туманида туғилганман. Ёшлигимдан тил ўрганишга қизиқишимни пайқаган онам мени рус тилини ўқитишга ихтисослашган мактабга берган. Мактабни аъло баҳоларга тугатгач, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети қошидаги академик лицейга қабул қилиндим ва у ерда математика ва инглиз тилини чуқурроқ ўргандим. Натижада ўша йили IELTS халқаро имтиҳонидан 7,5 балл олиб, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер ҳамда Туркиянинг Тошкентдаги TOBB ETÜ университетларига грант асосида қабул қилиндим. Чет элда ўқишга бўлган иштиёқим устунлик қилиб, бу университетларда ўқишни рад этдим. Ўша йили Америкада халқаро ҳуқуқ ва дипломатия соҳаси бўйича грант асосида ўқишга кирдим. Хориж давлатида яшаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Эл-юрт умиди” жамғармаси грантини ютиш мақсадида танловга топширдим ва ғолиб бўлдим. Ҳозирги кунда АҚШдаги University of Cincinnati'да ҳуқуқ ва дипломатия йўналишида таълим олиб келмоқдаман. Шу билан бирга араб давлатлари иқтисодиётига қизиқишим сабабли иккинчи йўналиш сифатида араб тили ва маданиятини ўрганиб келмоқдаман.
Тўмарис Раҳматова: 24 ёшдаман. Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида туғилганман. Ўзбекистон Миллий университетининг инглиз тили йўналишида бакалавр босқичини тамомлаганман. Ҳозирда Кореядаги Busan University of Foreign Studies’да инглиз тили йўналишида магистратура босқичида ўқиб келмоқдаман. Бу ерда ўқиб, инглиз тили ўқитувчиси сифатида ўқув марказда ҳамда мактабда ишлаб келяпман. Инглиз тили бўйича 7 йилдан ортиқ тажрибага эгаман.
Қудратхўжа Мусаев: Ёшим 25 да. Фарғона шаҳрида туғилганман. Тошкент ахборот технологиялари университетининг дастурий муҳандислик йўналишида бакалавр босқичини тамомлаганман. Дастурчи сифатида 4 йилдан бери ишлаб келяпман ва шу пайтгача кўплаб лойиҳаларда дастурчи, бош дастурий муҳандис, етакчи дастурчи бўлиб ишлаганман. Жорий йилнинг сентябрь ойидан эса Masterсard компаниясининг Дублин офисида дастурий муҳандис сифатида иш бошлаш арафасида турибман. Бундан ташқари, ижтимоий стартап лойиҳалари бўлган – EventGO ва GrantGO лойиҳалари асосчиси ҳисобланаман. Ҳозирда Ирландиянинг University College Cork университетида Information Systems for Business Performance йўналишида “Ирландия Ҳукумати гранти” дастури доирасида магистратура босқичида ўқияпман.
Эсмера Мардонова: 25 ёшдаман. Самарқанд вилоятида туғилганман. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг япон тили филологияси йўналишида бакалавр босқичини тугатганман. 2022 йил куз фаслида бўлиб ўтган HUMAP (Ўзбекистон Буюк Ипак йўли ташкилоти раҳбарияти ва Higashikawa шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказилган) дастурида ғолибликни қўлга киритдим. Ҳозирда Япониянинг Ҳоккайдо префектурасидаги Higashikawa тил мактабида тўлиқ грант асосида таҳсил оляпман.
Гуллола Мирзаева: Ёшим 26 да. Фарғона шаҳрида туғилиб ўсганман. Ўрта таълимни Фарғона шаҳрининг немис тилига ихтисослаштирилган 10-мактабида олганман. Кейинчалик Фарғона педагогика институти қошидаги Ёрмозор академик лицейида ўқиганман. Немис тилига қизиқишим сабабли Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида бакалавр даражасини тамомлаганман. Ҳозирда Германиянинг Regelschule олий таълим муассасасида она тили немис тили бўлмаган 5-9-синф ўқувчиларга ушбу тилдан дарс бераман.
“Ўзбекистонда олган дипломимга қарамасдан салоҳиятимни обдон текширувдан ўтказишди...”
Азизбек: Чет элда, хусусан, дунёнинг энг етакчи давлатларидан бўлгани учун АҚШда таълим жуда юқори. Лекин Ўзбекистонда ҳам йиллар ўтиши билан таълимга бўлган эътибор яхшиланиб бормоқда. Фарқли томонларига эътибор берсак, бу ердаги университетларда дарс берувчилар ҳаммаси профессор бўлади, талабаларга кўплаб эркинликлар берилади ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун барча шарт-шароитлар таъминланган. Бундан ташқари, STEM фанлари учун ташкил қилинган замонавий лабораториялар, тажриба хоналар ва жиҳозлар биздан бир мунча илгарилаб кетган.
Тўмарис: Тан олиш керак, Ўзбекистонда таълим даражаси анча суст. Кореяда ўқитувчиларнинг талабаларга қўйган талаблари жуда ҳам кучли. Бу ерда педагогларнинг қадри баланд, уларга баланд гапириш мумкин эмас. Нима бўлишидан қатъий назар ўқитувчининг гапи тўғри ҳисобланади. Лекин улар бундан ўз манфаати учун фойдаланмайди. Қандай ҳолат-вазият бўлишига қарамасдан улар талабани холис, адолатли баҳолайди. Улар жудаям принципиал. Бу ерда иложи борича кеч қолмасликка ҳаракат қилиш керак. Яна бир тарафи, устозлар дарсда бор эътиборини талабаларга қаратади, ўзларидаги барча билимни беришга ҳаракат қилади ва шунга яраша талаб ҳам қилади. Бу ерда шуни тушундимки, Ўзбекистондаги университетларда таълим бериш методикаси эски, ўтган замонда қолиб кетган. Шунингдек, қўйилаётган талаблар ҳам ҳозирги замонга мос келмайди.
Қудратхўжа: Таълимдаги асосий фарқ берилган вазифалар ва имтиҳонларда билинади. Ирландияда ҳар бир вазифа биздаги камида битта курс ишидек ва талаблар ҳам анча қаттиқроқ. Кўчирмакашлик, цитаталарни тўғри қўйиш ва “дедлайн”га амал қилиш бўйича қатъий талаблар бор. Имтиҳонлар ҳам биздаги 1 август имтиҳонлари каби катта залларда ўқитувчиларнинг иштирокисиз, тўла назорат остида ўтади. Ҳеч қанақасига ўқитувчилар билан “келишиш” имконсиз, касаллик ва шу каби жиддий сабаблардан ташқари. Дарс жараёнлари, айниқса, маърузалар ўзимиздагига жуда ўхшаш. Ўқитувчилар презентация орқали мавзуни тушунтириб беради. Бу борада уларни мақтай олмайман ва ўзларига ҳам бу тизим ҳозирги замон талабига жавоб бермаслигини айтганман. Яъни сиз дарсда ўтириб ақлли бўлиб қолишни кутмаслигингиз керак. Мен ҳам келишимдан олдинроқ бу нарсани ўзим учун билардим ва шу сабаб хафа бўлмаганман ҳам. Мен доим “дарс вақти эмас, дарсдан ташқари вақт сизни ақлли қилади”, деб айтаман.
Эсмера: Фарқ шу даражада каттаки, ўхшатиб ёки қиёслаб бўлмайди. Бизда таълимни оёғига болта урадиган барча жиҳатлар: дарслик, формадан тортиб, то ўқув жараёнини ташкил этишгача бўлган жараён ҳаммаси умуман аҳмоқона принциплар асосига қурилган. Талаб қилинадиган нарсалар ҳеч бири таълим ривожига ҳисса қўшмайди. Тўғри, сўнгги пайтларда бир мунча қабул квоталари сони ошгани, борган сари университетга кириш осонлашиб бораётганини қувончли ҳолат деб қабул қилишяпти. Масалан, магистратура босқичида таҳсил олиш учун қизлар контракт тўловларидан озод қилингани ва ҳоказо. Сон ошгани қувонарли ҳолат эмас. Негаки, сифат бўлмаса таҳсил олгандан маъно йўқ. Олий маълумотли бўла туриб умуман қора меҳнат қилаётган одамларчалик маош олмайдиган жойда ишлаш ақлга сиғмайди. Бу жуда ачинарли ҳолат. Четда ўқишга келсак, албатта, кўпчилик чўнтагидан тўлаб таҳсил олишга қурби етмайди. Виза олиш қийин. Чет элда ўқиш учун ажратилган грантлар жуда кўп ихтисосликларда умуман йўқ ҳисоби. Борлари ҳам таълим олаётганлар сонига умуман тўғри келмайди. Чет элда ўқиб, ишлаб дунёқараш, билим ортгач, одам юртига қайтишни хоҳламайди.
Гуллола: Германия ва Ўзбекистондаги таълимнинг фарқлари талайгина, лекин асосий 3 та фарқни санаб ўтаман.
- Биринчиси, бу ўқишга кириш осон, ўқиш эса қийинлиги. Менимча, Ўзбекистонда талабалик қаторига кириш қанчалик қийинлиги ҳеч кимга сир эмас. Шахсан ўзим ҳам кириш имтиҳонларига 3 йил лицей давримда тинмай тайёргарлик кўрганман. Лекин қанчадан қанча ёшлар ўқишга кириш орзуси билан яшайди. Энг ачинарлиси, шунча машаққатли тайёргарликлар билан ўқишга кирилади, лекин ундан кейинги ўқиш жараёни кўзни қувонтирадиган даражадаги сифатга эга эмас. Германияда эса бунинг мутлақо тескариси, яъни сиз бир вақтнинг ўзида исталган университетга истаганча ариза топширсангиз бўлади. Бироқ ҳақиқий ўқиш қабул қилинганингиздан кейин бошланади.
- Иккинчи фарқ, бу ҳар бир таълим соҳасидаги педагогларнинг ўз касбини ҳақиқий мутахассислари экани ва педагогларга ўз соҳаси бўйича ривожланиш учун шароитлар кўплиги. Ҳозирда ўқитувчи бўлиб ишлаётганим сабабли келтириб ўтган фарқни тез-тез учратмоқдаман. Ўқитувчи бўлиб ишлагунимга қадар дипломим борлигига қарамасдан имтиҳонлар топшириб, бир неча босқичлардан ўтиб келдим. Яъни мени ўқитувчилик салоҳиятимни обдон текширувдан ўтказишди. Ундан ташқари шу кунга қадар қанча семинар ва малака ошириш дарсларига бордим. Бундай тадбирларда нафақат ёш ўқитувчилар, балки малакали ўқитувчилар ҳам фаол қатнашади. Йиллар давомида фаолиятига қарамасдан ўз устида ишлайди ва доимий янги билимларга чанқоқ бўлади.
- Учинчи фарқ эса, бу ўқув материалларининг етарли даражада экани. Германияда ҳар бир университет ва ҳатто ҳар бир каттаю-кичик шаҳарлар ўз кутубхоналарига эга ва у ерда исталган соҳа учун керагидан ортиқ китоблар мавжуд. Лекин бизда эса кутубхоналардаги китоблар талабалар фойдаланишга олиб уни қайтариб бермаганликлари оқибатида камайиб кетади, излаган китобингизни ҳар доим ҳам топа олмайсиз ёки материаллар эски бўлади. Ҳозирги замонда билимлар, маълумотлар кундан кунга ўзгаради, янгидан янги кашфиётлар, изланишлар олиб борилади. Шу сабабли манбалар сони ҳам ошиб бораверади. Янги билимлардан ортда қолмаслик мақсадида бундай китобларни ўқиш ҳар бир касб эгаси учун жуда муҳим ҳисобланади.
“Ўз фарзандларини ўз юртида ушлаб қолиш учун етарлича куч керак…”
Азизбек: Ҳозирги кунда ўзбекистонлик кўплаб кучли кадрлар чет элда ишламоқда. Фикримча, бунда Ўзбекистоннинг айрим давлат корхоналаридаги муҳит ва бошқарув системаси катта роль ўйнайди деб ўйлайман. Бундан ташқари, чет элда таълим олган талабаларнинг кўпи ўз ёнидан ҳаражат қилиб ўқийди ва биламизки чет элда контрактлар қимматлиги боис улар кўп ҳаражат қилади. Шунинг учун ҳам уларга Ўзбекистонда бериладиган ойлик уларни қониқтирмайди.
Тўмарис: Менимча, ёшларни четга интилишига асосий сабаб юқори даражадаги таълимга эга бўлиш деб ҳисоблайман. Афсуски, Ўзбекистонда эса бу бошқача, юзакидек кўринади. Бу ерда ўқиётганингиз, янги билим олаётганингиз ўзингизча яхши туюлади. Бундан ташқари, молиявий томондан бу ерда катта пул топа оласиз. Лекин Ўзбекистонда ҳам ўз касбининг етук мутахассиси бўлганлар яхши пул топади.
Қудратхўжа: Ҳозирги пайтда “суриш” тренди авж олганини тўла тушунаман ва бунга ҳаракат қилаётганларни ҳеч қанақасига айбламайман. Бундан ҳаттоки 2-3 йил олдин ҳам бу фикрга қўшилмасдим ва ўзим ҳам ўқишни битирибоқ Ўзбекистонга қайтаман деб ўйлардим. Асосий сабаб эса келажакка бўлган умиднинг сўниб кетаётгани деб биламан. Бунга эса турли хил омиллар бирданига таъсир қилади – таълим тизимининг жуда ачинарли ҳолатга келиб қолгани, қонунлар ишламаслиги, юқори даражадаги коррупция ва монополиянинг борлигини ҳамма билиб турган ҳолда амалда ҳеч нарса қилинмаслиги ва охирги пайтдаги экологиянинг катастрофик тарзда бузилиб кетаётгани…
Аммо шу билан бир қаторда ягона умид четга чиқиб ўқишда, илм олишда ва тажриба орттиришда деб биламан. Чунки одам четга чиқиб ўқигандан ва у ердаги ривожланишни кўргандан кейингина биздаги муаммоларни қай даражада жиддий эканини ҳис қилади ва уларнинг ечимини ҳам кўради. Бу каби одамлар фақатгина муаммолар ҳақида шикоят қиладиган қатламдан бўлмасдан, уларга ечим бера оладиган ва шу ечимни ўзи татбиқ қилишга тайёр қатлам сафига қўшилади.
Эсмера: Ўз фарзандларини ўз юртида ушлаб қолиш учун етарлича куч керак. Одамлар мусаффо осмонини мақташни яхши кўради. Мен давлатни эмас, халқни айблаган бўлардим. Негаки давлат раҳбарлари ҳам шу халқ фарзанди, шуларнинг ичидан чиққан. Зўр сиёсат олиб борилаётган давлатларда халқни ўзи кучли. Халқни онги, тушунчаси бор. Оқ қорани ажрата олади. Бироқ бизда унақа эмас. Бу ерда бошқа давлатлардан келган курсдошларим ўз юрти ва ундаги имкониятлар, шароитлар ҳақида кўп нарсани дарсда мақтаниб гапиради. Шу мавзуга алоқадор савол берилса ёки нимадир гапириш керак бўлганда жавоб беролмай қийналаман. Ўзбекистон деган номни умуман эшитмаган. Уни Афғонистон билан адаштириб юборганларида эса ичимдан зил кетганман.
Четдан юртимизга назар солиш жуда аянчли. Оғир ботади, шунчаки. Бор имкониятдан фойдаланиб ҳам давлатни умуман ўзгартириб юбориш мумкин. Бунинг учун денгиз бўйида жойлашган бўлиш шарт эмас.
Гуллола: Ўзимдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, соҳам бўйича етук мутахассис бўлиб етишишим, тил борасида ривожланишим ва яхши иш ўрнига эга бўлиш учун яшаб турган жойимда етарлича имкониятлар топа олмадим. Афсус, Ўзбекистонда бакалавр дипломи қадрсизланиб кетмоқда. Ҳатто қўлида олий таълим дипломи бор шахс сифатида ҳам ваканция топиш жуда қийин, яъни етарлича иш ўринлари йўқ. Фикримча, иш ўринлари яна ҳам кўпайтирилса ва ҳар бир соҳа бўйича малака ошириш учун сифатли имкониятлар яратилса, ёшларни ватанда ушлаб қолиш мумкин.
Ўзбекистонда ҳам катта муваффақиятларга эришиш мумкин(ми?)
Азизбек: Ҳаммаси инсоннинг ҳаракатига ва Аллоҳдан сўрашига боғлиқ. Мен Ўзбекистонда бўлган тақдиримда ҳам ўзим ҳозиргача эришган озми-кўпми ютуқларга эришган бўлардим.
Тўмарис: Шахсан, мен Ўзбекистондалигимда ҳам яхши пул топганман. Кўпчилик ёшлар ўзига бўлган ишончи йўқлиги сабабли Ўзбекистонда бўла туриб, катта-катта компанияларда ишлаш учун ўзини синаб кўрмайди, қўрқади ва оқибатда чет элда ишласамгина катта пул топа оламан деб ҳисоблайди.
Қудратхўжа: Бу савол агар магистратура ҳақида бўлса, бемалол “Ҳа. Кўп нарса ўзгармаган бўларди”, деб айта оламан. Чунки жуда кўп ютуқларимга бу ерга келмасимдан олдин эришиб бўлгандим. Аниқроқ айтадиган бўлсак, шу ютуқларим сабаб бу ерга келдим. Бундан ташқари ўқиш ва грантларга топшириш жараёнида нима хоҳлашимни, карьеравий қизиқишларимни аниқлаб олдим. Улардан олган асосий фойдам шу, дея оламан бемалол. Шу сабаб четга келмаганимда ҳам тўхтаб қолмаслигим аниқ эди. Бироқ савол агар Фарғонадан Тошкентга келиш ҳақида қўйилса, у ерда ҳеч иккиланмасдан “Агар Тошкентга келмаганимда, оилам айниқса онам мени бу борада қўллаб-қувватламаганда, ҳаётимда нимани бой берганимни ҳаттоки тасаввур ҳам қилмасдим”. дейишим мумкин.
Эсмера: Ўзбекистонда ҳам яхши даромад топар эдим. Лекин гап фақат пулда эмас. Муҳит ёқмайди менга. Атрофингиз сизни тушунмайдиган ва умуман тушунишни хоҳламайдиган инсонлардан иборат экани сизни муҳитдан сиқиб чиқаради. Мен феминист эмасман, бироқ аёлларга нисбатан ноҳақлик кўп. Адолат бўлмаган жойда яшай олмайман. Энг ёмони қизларга бу ҳолат ёқади ва ҳеч қандай эътирозсиз ўз бўйнига ўзи кишан солиб, тақдирини аянчли якунлайди. Агар қарши чиқа олса, ҳеч бўлмаса мен каби бошқа жойга бош олиб кетгани маъқул эди.
Гуллола: Фикримча, бир ютуққа эришиш ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Шундай инсонлар бор жуда яхши шароитда ҳам ўз устида ишламайди, унга берилган имкониятдан унумли фойдаланмайди ва шундай инсонлар борки, имкони йўқ вазиятда ҳам катта марраларга эришади, яъни ўзи учун яхши келажак яратиш ҳар кимни ўзининг қўлида. Ўзим ҳақимда айтадиган бўлсам, мен Ўзбекистонда бугунги ютуқларимдан фақатгина ўқишга тегишлисигагина эришганман, албатта, бу ҳам ёмон натижа эмас. Лекин иш фаолиятимга келадиган бўлсам, катта эҳтимол билан эриша олмаган бўлар эдим. Сабаби келганимдан буён ўқитувчиликка оид ҳақиқий билимларимни шу ерда олдим, жуда кўп малака орттирдим, десам хато бўлмайди. Албатта, бу етарли эмас, ҳали ўрганишим керак бўлган нарсаларим кўп.
“Суриш керак, аммо...”
Азизбек: “Суриш” ҳар доим ҳам иш бермаслиги мумкин. Шахсан ўзим айрим чет элдаги ўзбеклар мисолида бунга гувоҳ бўлганман. Кўплаб ватандошларимиз бораётган давлатларни ҳатто тилини ҳам билмасдан кўр-кўрона кетмоқчи бўлади. Кўпчилик ёшлар ҳозир қийинчиликсиз кўп нарсага эришаман ва чет элга борсам, кўп нарсага эга бўламан деб ўйлайди. Аслида аксинча бегона юртда ҳаммасини нолдан бошлашга тўғри келади, у ернинг қонунларини ўрганиш, тилини ўрганиш ва муҳитга мослашиш кўпчиликни қийнаб қўяди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда яратилаётган шароитлардан фойдалана олган ёш учун “суриш” га ҳожат йўқ. “Устасига фарқи йўқ” деганларидек ўзида интилиши бор инсон қаерда бўлмасин ўз ўрнини топа олади. Бу дегани чет элга чиқмаслик керак дегани эмас.
Тўмарис: Кореяга келиб, ўқиб ишлаётганимнинг ортида Ўзбекистоннинг, ватандошларимнинг ўрни катта деб ҳисоблайман. Аммо агар мен Ўзбекистонда талаба сифатида ўқиётгандимда ҳозирги билимларимни, бу ерда қўлга киритган тажрибамни олмасдим. Мен учун чет эл яхши таъсир кўрсатди. Бошқаларга ҳам иккиланмай четда ўқишни тавсия қиламан, лекин бу ерда қолиб кетишни эмас. Менимча, ҳар бир ўзбекистонлик қайси чет давлатида ўқиётган бўлишига қарамасдан тажриба орттириб, Ўзбекистонга қайтиши керак. Тўғри гувоҳи бўлмоқдамиз, Ўзбекистонда ҳам ҳар тарафлама ривожланишлар бўляпти. Аммо бу ҳали хориж стандартлари учун камлик қилади. Шахсан мен ўз олдимга катта мақсадлар қўйганман. Бу ерда бутунлай қолиш ниятида эмасман. Бу ерда олган билим ва тажрибаларим билан ватанимга қайтиб, Ўзбекистонда улардан фойдаланиш ниятидаман.
Қудратхўжа: “Суриш” истагида бўлганларни ҳар қандай ҳолатда ҳам айблай олмайман. Лекин шу ўринда битта муҳим нарсани айтиб ўтишим керакки, четга кетишдан олдин бу жараён қанчалик қийин бўлиши, қанчалик кўп харажат қилишга тўғри келишини (ҳаттоки грант ютган ҳолатларда ҳам) одамлар билиши керак. Энг муҳими уларда четга кетишдан олдин аниқ мақсад ва режалари бўлиши ва у ерга боргандан кейин камида 1 йил давомида нима қилишларини билишлари керак. Албатта, четга кетиш учун керакли нарсалар: тил билиш, бирор соҳанинг яхши мутахассиси бўлиш, мустақил ҳаракат қилиш ва саволларга жавоб бера олиш кабиларнинг барчасига эга бўлиш — кўчада қолиб кетмасликнинг асосий шарти. Мен ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзбеклар четга ўқиш бўладими ёки ишми биринчи навбатда ривожланишни ўз олдига мақсад қилиб келишларини хоҳлардим. Шу билан бир қаторда “Четга кетсам бир амаллайман. Ҳаммаси яхши бўлиб кетади”, деб ўйлаётганларни бу фикридан қайтараман. Чунки ўзбекистонликлар бегона юртда кўчада, пулсиз, ҳеч кимнинг ёрдамисиз қолиб кетиш ёки қандайдир жойларда қора ишчи бўлиб ишлаб юришини хоҳламайман. Бу каби одамлар четга келганда бу ердаги қонун-қоидаларга амал қилмаслик ва қонун доирасида ҳам муаммоларга дуч келиши мумкин. Бу эса уларнинг депорт бўлишига ва қолган ўзбекистонликлар учун виза олиш жараёнига салбий таъсир қилишига сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун энг аввало, келаётган давлатингиз умумий қонун-қоидалари, айниқса иш ва солиқлар бўйича қонунчиликни яхшилаб ўрганиб чиқишни маслаҳат бераман.
Эсмера: Хорижга, албатта, “суриш” керак. Келажаги ҳақида қайғурадиган ҳар бир соғлом фикр эгаси ўзига тўғри келмайдиган муҳитдан кетиши керак. Қаерда қандай яшаш инсоннинг ўзини хоҳиши. Ўзига тўғри келмайдиган жойда яшашга ҳеч ким мажбурмас. Агар имкон бўлмаса, қарз олиб бўлса ҳам, ўзига имкон яратиб кетиш керак деб ҳисоблайман. Шунчаки озгина куч, озгина ҳаракат ва озгина хоҳиш. Ҳаётидан ва осмонидан мамнунлар мазза қилиб яшаб юраверсин. Уларга гапирмаган маъқул.
Гуллола: Агар бир давлатни тарк этиш сабаби ўқиш, янги билимларни эгаллаш, малака орттириш бўлса, албатта, қўллаб-қувватлаган бўлар эдим. Чунки чет элга чиққанда инсоннинг дунёқараши ўзгаради, янги нарсалар ўрганади, кўплаб танишлар орттиради ва улар билан билим алмашади, бошқа имкониятларни кўради, ўрганади, натижада яшаб турган ер билан солиштириб, кейинчалик камчиликларни бартараф қилишга ҳаракат қилиши ҳам мумкин. Оддий мисол, биз ўзимизни яшаб турган шаҳардан бошқа вилоятга борганимизда ҳам бошқаларни кўрамиз, танишамиз, янги билимлар оламиз, ва қайтиб уларни амалда қўллаб кўрамиз. Бошқа давлатга чиқиш эса бунинг каттароқ варианти.
“Ҳамма нарса ҳам аслида кўрингани каби эмас”
Азизбек: Четдаги ҳаёт фақат ёрқин тарафлардан иборат дейиш нотўғри. Хорижга эндиган борган инсон учун у ер кашф қилинмаган сайёрадек кўринади. Борган жойинининг урф-одатларига инсон кўникиб олгунча анча-мунча қийинчикларни босиб ўтади, “culture shock” билан қийналади. Мана шу қийинчиликларни унутиш учун ҳам эътибор талаб қилади ва Ўзбекистондаги дўстлари, яқинларига яхши кўринишга ҳаракат қилади ва ўзини тармоқларга жойлаган ёрқин фото лабҳалари билан овутади. Аммо, ҳамма нарса ҳам аслида кўрингани каби эмас.
Тўмарис: Кореяда 6 ойдан буён яшаётган бўлсам, бу ерда ҳар хил қийинчликларга дуч келдим. Бошида хаёлимдан “нега ўзи бу ерга келдим, Ўзбекистонга қайтиб кетсамчи” деган ўйлар ўтди. Бу ерда сиз ватанингизда эмаслигингизни яхшироқ ҳис қиласиз. Ўзга давлатда икки карра эътиборли, мустақил бўласиз. Четга чиқиш ниятидамисиз, сиз аввалдан ўзингизни руҳан тарбиялашингиз керак. Соғлиқ томондан ҳам, қаерга бораётганингизга эътибор беринг. 6 ой, узоғи бир йилда сиз “culture shock” давридан ўтасиз, йиғлайсиз, касал бўласиз, ҳеч нарса ёқмайди. Вақт ўтиб, буларга мослашганингиздан кейин, келган давлатингизнинг ёрқин тарафларини ҳам кўра бошлайсиз.
Қудратхўжа: Четда ўқиш, ишлаш одамлар тасаввур қилганидан, ижтимоий тармоқларда кўрсатилганидан қийин, анча қийинроқ. Тармоққа қўйилишга арзийдиган онлар четдаги ҳаётингизни нари борса 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95% ҳолатда сиз бегона муҳитда, бегона маданият ва одамлар орасида бўлишга мажбурсиз. Бу ерда юрган пайтда турли мамлакатлардан танишлар орттириш мумкин. Бироқ уларнинг ҳеч қайсиси билан Ўзбекистондаги одамлар каби дўстлашиб кета олмайсиз. Сабаби сиз аллақачон фикри шаклланиб улгурган одам бўласиз ва ҳаётингизга янги одам кириши табиий равишда қийин бўлади. Бундан ташқари, ҳар қандай ҳолатда ҳам улар сизнинг фикр ва ҳазилларингизни сиз эса уларникини тўла ҳис қила олмайсиз. Иш ва ўқишни бир вақтда олиб кетиш ҳар қандай одамга ҳам қийинчилик туғдиради. Атрофингизда сизнинг қарашларингиз ва қадриятларингизга бегона ва қарама-қарши чиқувчи ва сизни осонгина тўғри йўлдан оздириб юборувчи минглаб сабаблар бўлади. Бундай ҳолатда ўз устингиздан назорат қилувчи ва мувозанатни ушлаб турувчи ягона одам сиз бўласиз. Ички кураш эса ҳар доим ҳар қандай инсон учун энг қийин ва муҳим кураш деб биламан.
Эсмера: Қийинчилик ҳамма жойда бор. Четга чиқадиган одам тайёр бўлиши ва кўп нарсани ҳисобга олиши керак. Шахсан мен, Ўзбекистон ва Япониядаги ҳаётимни солиштирганда умуман қийналмаяпман деб ҳисоблайман. Балки тўлиқ грант асосида ўқиётганим учундир. Молиявий томонлама умуман муаммо йўқ. Дунёга аллақандай аҳмоқона принципларсиз кенг ва ёрқин қарайдиган жамият вакиллари. Фикрлар ва ҳаракатларда фақат эзгулик бор. Бир-бирини алдаш, қандайдир фойда илинжида, кийими ёки амалига қараб муомала қилиш деган нарсалар йўқ. Япония жаҳон бўйича ҳам ўз маданияти билан ҳеч бир давлатга ўхшамайди. Ҳар бир нарсада ақл ва фаросат ишлатилганига гувоҳ бўласиз. Нархлар бироз қиммат дейишади, лекин топиладиган даромадга таққосласак, жуда арзон, деб ўйлайман. Кейин сифатсиз маҳсулотларини ўтказадиган монополия йўқ. Муддати ўтган маҳсулотлару, одамларни алдайдиган савдогарларни кўрмайсиз.
Гуллола: Хорижда ўқиш ва яшаш суратларда акс этганидек ҳар доим ҳам ижобий эмас. “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарози”, деганларидек ҳар бир жойда ўзига яраша афзаллик ёки камчиликлар бўлади. Чет элга ўзи ёлғиз кетган инсонга биринчи навбатда унинг оиласи, яқинлари, дўстлари етишмайди, улардан узоқда доимий соғинч ҳисси билан яшайди. Бундан ташқари, ҳамма масъулият ўз зиммасига тушади. Кўчиб ўтган давлатида турли муаммоларга, тушунмовчиликларга учраши ҳам турган гап ва бундай қийинчиликларни инсон ёлғиз босиб ўтишга мажбур бўлади.
Тенгдошларга айтадиганларимиз: “Сиз севган соҳа машҳур бўлмасин. Сиз уни машҳур қилинг”
Азизбек: Ҳаётга реал боқинг ва у қийин ва осонликдан иборат эканини унутманг. Ота-онангизга меҳр-мурувватли бўлинг. Қайси давлатга, қачон боришингиздан қатъий назар ўзбек миллатини, мусулмонларни яхши хулқингиз билан кўрсатишга ҳаракат қилинг.
Тўмарис: Ўқинг, ўрганинг. Илм ва ҳунар сизни ҳеч қачон “оч қолдирмайди”. Айнан шулар сиз билан бирга, уларни ҳеч ким олиб қўймайди. Молиявий мустақил бўлишга интилинг. Молиявий ресурсларингизни тўғри жойга ишлаштишга ҳаракат қилинг. Доим меҳрибон бўлинг. Бир-бирингизни тушунинг.
Қудратхўжа: Ўз соҳангизда мутахассис бўлишни бирламчи вазифа сифатида қўйинг. Ўқишга грант асосида кириш, IELTS’дан баланд балл олиш ёки қайсидир номдор стипендияга эга бўлиш каби оралиқ ютуқлар сизни хурсанд қилиб, асосий мақсад йўлидаги ҳаракатдан тўхтатиб қўймасин. Вақтингизнинг ҳар бир лаҳзасининг қадрига етинг. Интизомни ҳар қандай мотивациядан олдинга қўйинг. “Хуфтон” пайтидан кейин ҳар қандай ишни йиғиштириб ухлашни, кун чиқмасдан олдин уйғонишни ва кунингизни бир кун олдиндан режа қилишни ва шу режаларда қатъий туришни одат қилинг. Шу нарсанинг ўзи сизга ўзингиз тасаввур ҳам қила олмаган даражаларга эришишингизга етарли бўлади. Яҳудийлар ҳақида бир гап эшитгандим (улар ҳақида қандай фикрда бўлсангиз ҳам ҳозирда энг ақлли миллатлардан эканини инкор қилиб бўлмайди). Ҳозирги вақтда туғилган яҳудийлар 50-60 йиллар олдин туғилишни хоҳлашар экан. Сабаби улар “Энг муҳим ўзгаришлар, энг муҳим ихтиролар ўша замонда қилинган биз эса шу ютуқлардан фойдаланиб юрибмиз. Биз учун тарихда қолиш жуда қийин”, деб фикрлашар экан. Мен эса айнан ҳозир бизда танлов имкони борлигига ишонаман: “Ҳозирги замон ва муаммолардан нолиб, ҳеч нарсага эришмай ўтиб кетиш ёки 40-50 йилдан кейинги авлод учун қаҳрамонларга айланиш мумкин”.
Эсмера: Қизиқишларингизни тўғри баҳоланг. Қайси касб ёки ҳунар ортидан кўп пул топар эканман, деб ўзингиз хоҳламайдиган жойда ўқиманг. Нимага қизиқсангиз ва қандай машғулотдан завқ олсангиз, ўшани қилинг. Сиз севган соҳа машҳур бўлмасин. Сиз уни машҳур қилинг. Атрофингизда сизга маслаҳат бериб, йўл кўрсатиб ҳаётингизни ҳал қиламан, дейдиганлар кўп. Бундай муҳим нарсани бошқаларнинг қўлига осонликча топширманг. Ўз ҳаётингиз учун ўзингиз курашинг. Кучли бўлинг. Соғлом фикрли бўлинг. Ҳамма қиладиган иш ортидан сиз ҳам эргашманг. Тўғри ва нотўғри нарсани ажрата олинг.
Гуллола: Вақтнинг қадрига етинг, уни беҳуда нарсаларга сарфламанг. Лекин шуни ҳам унутмангки, асосий мақсадга эришиш ҳеч қачон бир иш бошлаш учун кеч эмас. Кимгадир эрта, кимгадир кеч насиб қилади. Қайси касб бўлишидан қатъий назар ўзингизга мос, ёқтирган иш билан шуғулланинг. Агар ишингизни чин кўнгилдан хоҳлаб қилмасангиз, қанчалар зўр жойда ўқиганингиз ёки ишлаганингиз билан бари бефойда, самара, натижа ижобий бўлмайди. Ўз устингизда кўпроқ ишланг. Энг асосийси одамларнинг гап-сўзларига эътибор берманг, “одамлар нима дер экан”, дея олдингиздаги имкониятларни қўлдан бой берманг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь