АҚШда эркак қизининг тўйига бориш учун вайроналар бўйлаб 50 км масофани пиёда босиб ўтди
Бу қизиқ
−
02 Октябрь
7257Америкалик эркак қизининг тўйига етиб бориш учун “Ҳелен” тўфони оқибатида вайрон бўлган шаҳар бўйлаб тўғридан-тўғри 50 километр пиёда юришга мажбур бўлди. Бу ҳақда “Nеw York Post” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШнинг Жанубий Каролина штатидан бўлган Дэвид Жонс қизининг тўйига 2 соатда етиб бориши зарур бўлган, аммо тўфон туфайли автомобиль йўллари ёпилиб қолган. Шундан сўнг, эркак 50 километр масофани пиёда босиб ўтишга қарор қилган. Дэвид тунда йўлга чиқиб, тўй ўтказиладиган черковга етиб бориш учун беш ярим соат вақт сарфлаган.
“Мен кўп нарсалар ҳақида гапиришим мумкин – эски панжаралар ва баландлиги олти-етти фут бўлган катта дарахтларнинг қолдиқларига чиқишим зарур бўлди. Атрофда эса тўсиқлар, ботқоқликлар ва бошқа кўплаб муаммолар бор эди”, дейди у.
Нашрга кўра, сафарнинг энг мураккаб қисми эркакнинг лойда тиззагача ботиб қолганида юзага келган. Уни бу вазиятдан йўлни тозаловчи экипаж қутқариб олган. У сафар давомида ўзи билан олган рефлекторли белгини (ёруғлик қайтарувчи) қизи ва куёвига тўйи муносабати билан совға қилган. Кейинчалик, қизи тўй куни отаси нималарга дуч келганини билмаганини ва воқеалардан хабар топгач, уни қаҳрамон деб тан олганини таъкидлаган. Дэвид эса буни ҳар қандай ота қилиши зарурлигини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШга ёпирилган “Ҳелен” довули оқибатида мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари зарар кўргани ва 116 киши қурбон бўлгани хабар қилинган эди. Ушбу вазият туфайли Флорида, Жоржия, Шимолий ва Жанубий Каролина, Алабама ва Виржиния штатларида фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Теннесси штатининг Ньюпорт шаҳрида Waterville тўғонидаги авария туфайли аҳолини эвакуация қилиш ишлари олиб борилган.