Селфи учун қурбон бўлганлар
Бу қизиқ
−
15 Октябрь
22923Суратга олиш кимнингдир касби, ким учундир севимли машғулот, яна кимларгадир машҳурликка эришиш йўли. Бугунги кунда расмга олишнинг энг кўп тарқалган усули бу – селфи. Кимлардир селфини деб бир неча сонияларини сарфласа, баъзи инсонлар шу биргина расм бошқаларнинг суратларидан чиройлироқ чиқиши учун эҳтиёт чораларини унутади ва бутун бошли умрини қурбон қилади.
Маълумотларга кўра, 2014 йилдан 2023 йилгача 49 та давлатда селфи туфайли 399 та ўлим қайд этилган. Қайғули етакчиликни 190 қурбон билан Ҳиндистон, иккинчи ўринни 29 ўлим билан АҚШ ва учинчи ўринни 18 кишининг вафот этиши билан Россия эгаллаган.
Селфи оламан деб дўстлари билан ҳалок бўлган йигит
2017 йилда Ҳиндистонда Таракнат Макал исмли эркак Непалга поездда кетаётган бўлган. Калькутта яқинида у ўзини суратга олиш учун поезд эшигидан эгилиб, сирғалиб кетган ва темирйўл рейсига йиқилган. У билан бирга бўлган тўрт дўсти йигитни қутқариш учун унинг орқасидан сакраб тушган ва йигитларнинг барчасини қарши томондан келаётган поезд босиб кетган.
Баландликдан суратга тушаман деб ҳалок бўлган оила
Ҳиндистонлик эр-хотин Вишну Вишванат ва Меенаши Мурти 2018 йилнинг 28 октябрь куни Калифорнияда Йосемит водийсининг Taft Point нуқтасидан селфи тушаман деб қулаб тушган.
Тафт нуқтаси Йосемит водийсидан 7500 фут баландликда жойлашган. Эр-хотин Вишванат ва Мурти суратга олиш учун 900 метрлик Taft Point нуқтаси остидаги тубсизликка жуда яқин борганди.
Эр-хотин сайёҳларнинг жасадларини топиш осон бўлмаган. Маълумотларга кўра, уларни топиш учун водийда дрон камералардан фойдаланишган.
Селфи туфайли вафот этган 18 ёшли йигит
2018 йил сентябрь ойида америкалик 18 ёшли Томер Франкфуртер армияга чақирилиш арафасида америкалик дўстлариникига борган. Қуддуслик 18 ёшли Томер тик қоя тепасида селфига тушмоқчи бўлганида 250 метр баландликдан тушиб вафот этган. Ушбу фожиа ҳам Калифорния штатидаги Йосемит миллий боғида содир бўлган.
Маълумотларга кўра, Исроил ёшлари армия хизматидан олдин ёки кейин кенгайтирилган таътилга – кўпинча АҚШ, Жанубий Америка ёки Осиёга боришлари одатий ҳолдир. Франкфуртернинг жасади дафн қилиш учун Исроилга қайтариб юборилган. У ўша йили Йосемитда вафот этган олтинчи одам бўлган.
Селфи тушаман деб йиртқич тажовузига учраган эркак
Юк машинаси ҳайдовчиси 2018 йилнинг май ойида айиқ билан селфи олишга уринганида йиртқич томонидан шафқатсизларча парчалаб ташланган.
Унинг исми Прабҳу Бҳатара эди. Бу ҳодиса Шарқий Ҳиндистоннинг Одиша штатида содир бўлган. Бҳатара жароҳатланган айиқни кўрган ва бу селфи учун ажойиб имконият деб ўйлаган. У айиққа яқинлашганда, яраланган ҳайвонда жанговар инстинктлар уйғонган ва йигитга ташланган. Дҳануржая Моҳапатра исмли ўрмончининг сўзларига кўра, Бҳатара ўша жойда вафот этган.
Ресторанга бораман деб йўлга чиққан қайиқ селфи туфайли ағдарилиб кетди
2021 йил Индонезияда 9 кишини Марказий Жавадаги сузувчи ресторанга олиб бораётган қайиқ, гуруҳли селфи пайтида ағдарилиб кетиши оқибатида чўкиб кетган.
Индонезиянинг Марказий провинциясидаги Кедунг Омбо сув омборида 20 кишилик қайиқ ағдарилиб кетган. 9 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланган. Маҳаллий қидирув-қутқарув хизмати қайиқнинг ағдарилиши натижасида 11 киши қутқарилганини маълум қилганди ўшанда.
Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, қайиқ йўловчиларнинг гуруҳ бўлиб селфи тушиши ортидан ағдарилган.
Саёҳатчилар селфи пайти бахтсиз ҳодисадан ўлим топди
Ҳиндистондаги бир ҳодисада энг кўп селфичи ҳалок бўлган: 2022 йил июль ойида шимоли-ғарбий Ражастан провинциясидаги тарихий Амбер қалъаси қўриқлаш минорасида суратга тушаётган 11 киши яшин уриши оқибатида вафот этган.
Қурбонлар XII асрда машҳур сайёҳлик маскани бўлган Форт Амер қўриқчи минораси тепасида ёмғирда селфи олаётган бўлган. Ҳодиса юз берганда тахминан 27 киши бўлган. Уларнинг баъзилари, ерга сакраб тушишга улгурган. Натижада 11 киши ҳалок бўлган.
Ўзбекистонда селфи туфайли дунёдан кўз юмганлар
2018 йилда Тошкентда 8-синф ўқувчиси селфи қурбони бўлди. Исми ошкор этилмаган ўқувчи ижтимоий тармоқлардаги дўстларини ҳайрон қолдириш мақсадида темирйўл бекатига яширинча кириб, дастлаб поезд ёнида ва унга осилган ҳолда суратга тушган.
Бундай суратлардан қониқмаган бола экстремал ҳолатда селфи қилиш учун поезд вагони тепасига чиқади. Бу ерда юқори кучланишли электр токи симига тегиб кетади.
Танасининг 75 фоизи куйган ўсмир шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари билан 6 ой яшади.
2019 йилда Тошкентдаги коллеж ўқувчиси, селфи туфайли ҳалок бўлган
Вояга етмаган 2 нафар коллеж ўқувчиси селфи тушиш учун Ҳамза темирйўл бекатида бўш турган буғдой ортувчи вагон устига чиққан. Уларнинг бири ток уриши натижасида вафот этган. Иккинчиси эса оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
2024 йил 25 сентябрда Фарғона вилояти Бувайда туманига қарашли 1-сонли мактабнинг 2 нафар 10-синф ва 1 нафар 8-синф ўқувчилари поезд вагонига чиқиб селфи олишда юқори кучланишли ток уриб вафот этган.
Аниқланишича, улар темирйўл изларини белгиланмаган жойидан кесиб ўтиб, тақиқланган ҳудудга кирган.
Йигитлар бекатда турган буғдой ташувчи вагоннинг устига чиқиб, селфи тушмоқчи бўлган вақтларида эҳтиётсизлик оқибатида икки нафар ўсмирни юқори кучланишли электр токи урган. Турли даражада тан жароҳатлари олган болалар тез тиббий ёрдам машинасида шифохонага юборилган.
Биринчи бемор жонлантириш бўлимига ўтказилган. Унинг танаси 63 фоиз куйган. Иккинчи беморга тананинг термик куйиш ва ўнг сон суяги синиши ташхиси билан ёрдам кўрсатилган.
Булар – дунёнинг турли бурчакларида юз берган фожиаларнинг айримлари, холос.
Юқорида келтирилган ва бошқа бахтсиз ҳодисалар тадқиқотчилар томонидан батафсил таҳлил қилинди. Натижада улар селфи билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг кўпчилиги Ҳиндистон, Россия, АҚШ ва Покистонда содир бўлганини аниқлади.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, “селфи тушаман” деб ўлганларнинг ҳақиқий сони анча юқори бўлиши мумкин.
Дунё бўйича статистик маълумотларга кўра, ҳар куни 93 миллионга яқин селфи олинади. Бир киши йилига ўртача 450 дан ортиқ селфи суратга олади. Аксарият фотосуратлар смартфонлар ёрдамида олинганини ҳисобга олсак, селфи бутун дунё бўйлаб олинган барча фотосуратларнинг муҳим қисмини ташкил қилади.
Ирода Мирвоҳидова
LiveБарчаси