Сўниб бораётган “Eurovision”. 8 та давлат Европанинг энг нуфузли мусиқа танловини рад этди
Маданият-санъат
−
19 Октябрь 2022
61552023 йилнинг май ойида Буюк Британиянинг Ливерпул шаҳрида бўлиб ўтадиган “Евронигоҳ-2023” (“Eurovision-2023”) қўшиқлар танловида Болгария, Черногория, Шимолий Македония, Босния ва Герцеговина иштирок этмаслиги маълум бўлди. Шу тариқа, турли сабаблар билан танловга бормайдиган аъзо мамлакатлар сони 10 тага етди. Рўйхат янада кенгайиши эҳтимолдан холи эмас.
Болгария томонидан ушбу қарор қабул қилинишига сабаб сифатида мамлакат аҳолиси мазкур дастурга етарли даражада қизиқиш билдирмаётгани айтилган.Черногориянинг маҳаллий RTCG телерадиокомпаниясида делегатларнинг Буюк Британияга сафар харажатларини қоплаш ва танловда иштирок этиш пакетига ҳақ тўлаш учун етарли маблағ топилмаган. Шимолий Македония, Босния ва Герцеговина ҳукуматлари эса лойиҳани молиялаштирмаган ва танловда иштирок этиш имкониятидан воз кечган.
Шунингдек, Андорра радиоэшиттириш компанияси раҳбарияти яқин ва ўрта келажакда мамлакат вакиллари бу танловда иштирок этиши режалаштирилмаётгани ҳақида баёнот берган. Люксембургнинг RTL телекомпанияси аудиторияни мусиқий шоулар эмас, сиёсий янгиликлар кўпроқ қизиқтириши боис катта ҳаракатли битимдан бош тортган ва Люксембург 2023 йилда танловда иштирок этмаслигини билдирган. Монакодаги телеканаллар ўртасидаги сансалорликдан сўнг 2023 йилда Монаконинг ҳам иштирок этмаслиги ойдинлашган. Словакиянинг RTVS телерадиокомпанияси ҳам нарх ва қизиқиш номутаносиблиги сабабли 2023 йилги танловда мамлакат вакиллари қатнашмаслигини билдирган.
Европа Радиоэшиттиришлар Иттифоқи (ЕРИ) сиёсий сабаблар билан 2021 йилда Беларусь Республикасини уч йилга, 2022 йилда эса Россияни номаълум муддатга танловдан четлаштирган эди.
Арманистон, Молдова ва Чехия каби давлатлар “Евронигоҳ-2022” танловида иштирок этган бўлса-да, 2023 йил ушбу танловда қатнашиш масаласида якуний қарорга келмаган.
Катта эҳтимол билан Европа Радиоэшиттиришлар Иттифоқи (ЕРИ)га аъзо бўлган фақатгина 34 мамлакат “Евронигоҳ-2023” қўшиқлар танловида ғолиблик учун беллашади.
Эслатиб ўтамиз, “Евронигоҳ-2023” танловига аслида Украина мезбонлик қилиши керак эди. Аммо, ЕРИ Украинадаги нотинч вазият туфайли “Евронигоҳ-2023” танлови мезбонлиги Буюк Британияга бериш бўйича қарор қабул қилди.
LiveБарчаси