Сунак Исроил ва Украинани танқид қилган шахснинг парламентга сайланганидан хавотирга тушди

Олам

image

Британия Бош вазири Риши Сунак Исроил ва Украинани фаол танқид қилган Жорж Галлоуэйнинг Британия парламенти Жамоатлар палатасига сайланганидан хавотир билдирди. Бу ҳақда у Даунинг кўчаси, 10-уйдаги қароргоҳи олдида сўз очди.

“Кеча Рочдейлдаги қўшимча сайловда 7 октябрда содир бўлган даҳшатни инкор этувчи, “Ҳизбуллоҳ”ни улуғлайдиган ва Британия Миллий партиясининг собиқ раҳбари Ник Гриффин томонидан қўллаб-қувватланган номзод ғалаба қозонгани ниҳоятда хавотирли”, дейди Сунак.

Галлоуэй эса “Sky News” телеканалига берган интервьюсида Буюк Британия террорчи ташкилот деб топилган “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини қўллаб-қувватлаяптими, деган саволга жавоб беришдан қочди. У фақат Исроилнинг Ливанни босиб олишига қарши эканини ва ишғол қурбонларининг босқинчиларга қаршилик кўрсатиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлашини таъкидлади. Шунингдек, у Бош вазирнинг танқидини қабул қилишдан бош тортди.

"Биз Бош вазирлигининг оз қолган қисмини ўтказаётган Риши Сунак ҳақида гаплашяпмиз. У ҳақида гўё тоғдан тош лавҳалар билан тушган, сўзлари мени титратадиган пайғамбардек гапирманг. Мен Бош вазирни ҳурмат қилмайман. Ундан нафратланаман. Ва биласизми, нима? Бу мамлакатдаги миллионлаб одамлар ҳам ундан нафратланади”, дейди Жорж Галлоуэй.

Буюк Британия Меҳнат партиясига раҳбарлик қилувчи Галлоуэй мусулмон сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашини қозониш учун сайловолди кампаниясининг катта қисмини Ғазо секторидаги можаро атрофида қурди. Сайланганидан сўнг у ўз ғалабасини Фаластин анклавига бағишлашини айтди. Сиёсатчи аввалроқ – 1987-2010 ва 2012-2015 йилларда Жамоатлар палатаси аъзоси бўлган; 2003 йилгача у Лейбористлар партияси аъзоси бўлган, НАТОнинг Ироққа бостириб киришини танқид қилгани учун у ердан ҳайдалган. Шунингдек, Галлоуэй бир неча бор Украина ҳукумати ва НАТОни Донбассдаги можарони кучайтирганликда айблаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия Украина Исроил Риши Сунак Жорж Галлоуэй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг