Сунъий танқислик ва ажиотаж масаласида 3000 дан ортиқ дорихона огоҳлантирилди

Жамият 2110
image

Коронавирус инфекциясининг кўпайиши натижасида одатий иситма туширувчи, вирусларга қарши, иммунитетни оширишга мўлжалланган одатий дорилар мавжуд бўлган дорихоналарда турнақатор навбатлар юзага келган бўлса, даволаниш учун зарур бўлган дори-дармонлар эса оширилган нархда сотилган.

Қайд этилишича, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан  карантин  бошланган даврдан буён дори воситалари нархи ошиб кетишининг олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Натижада савдо устамаларига ҳамда савдо қоидаларига қатъий риоя қилиш, дори воситаларига бўлган сунъий танқислик ва ажиотаж талабни вужудга келтирмаслик, қонун ва лицензия талабларига амал қилмасликнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида тегишли тушунтиришлар олиб борилган, республика бўйича 3000 дан ортиқ дорихона раҳбарлари ва ходимларига расмий огоҳлантириш хатлари берилди.

Жорий йилнинг 20 июль – 12 август кунлари 500 га яқин дорихоналарда Вазирлар Маҳкамаси қарорининг 2-иловасига биноан COVID-19 инфекцияси билан касалланган беморларни даволашда қўлланиладиган дори воситалари ва биологик фаол моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг (товар номи бўйича) дорихоналарда мавжудлиги ва уларнинг чакана нархлари юзасидан Агентлик томонидан мониторинг кузатувлари ўтказилди.

Мониторинг дорихонада  “Визавирин” (Ҳиндистон), “Алувиа” (Германия), “Лопинавир/Ритонавир” (Ҳиндистон), “Эликвис” (АҚШ) дори воситалари йўқлигини кўрсатган.

Республика бўйича ўрганилган дорихоналарнинг 14 тасида (Тошкент ш., Андижон, Бухоро, Жиззах, Наманган, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилояти) Умифеновир (вирусга қарши восита) таркибли “Арбидол” (Россия) ва “Арпефлю” (Беларусь) дори воситаси мавжудлиги ҳамда уларнинг қолдиқ захираси камлиги (605 қути) кузатилди.

Ўрганилган дорихоналарнинг фақат 3 тасида (Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ва Тошкент вилояти) Гидроксихлорохин таркибли (малярияга қарши восита) “Плаквенил” (Испания) дори воситаси борлиги ва улардан фақат 12 қути қолганилиги кузатилди.

Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган ахборотларга кўра, аҳоли талаби юқори бўлган айрим дори воситалари дорихоналардан ташқарида ва бошқа йўллар билан қиммат нархларда сотилаётганлиги қайд этилмоқда. Хусусан, “Плаквенил” (гидроксихлорохин) каби дори воситаси дорихоналардан ташқарида 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача сотилаётган бўлса (ваҳоланки барча харажатлар ва савдо устамалари билан қўшиб ҳисобланганда ушбу дори воситасининг энг юқори чакана нархи 410 минг сўмдан ошмаслиги керак), чакана нархи 405 000 сўмдан ошмаслиги лозим бўлган Клексан (эноксапарин) 4000 ХА МЕ дозали дори воситаси дорихоналар ва ундан ташқарида 2,4 млн сўмгача нархларда сотилмоқда. Ёки, Беларусда ишлаб чиқарилган Гепарин дори воситаси ҳам дорихоналарда қутиси учун 400 000 сўмдан реализация қилинмоқда, унинг чекланган чакана нархи 135 000 сўмни ташкил этади.

Агентликнинг ҳудудий тузилмалари томонидан 30 та дорихонада ўтказилган текширишлар давомида  қуйидагилар маълум бўлди:

•    9 та (Тошкент ш. Жиззах, Самарқанд, Тошкент в.) ҳолатда белгиланган устамаларни 20 фоиз ўрнига 93 фоизгача қўлланилган.

•    6 та (Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Қашқадарё, Сирдарё в., Тошкент ш.) ҳолатда яроқлилик муддати ўтган, рўйхатдан ўтмаган ва кирим ҳужжати мавжуд бўлмаган дори воситаларини реализация қилиш ҳолатлари аниқланган.

•    12 та дорихонага белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, тегишли кўрсатма берилган (чора кўрилган) ҳамда лицензия шартларини қўпол равишда бузганлиги учун белгиланган тартибда лицензиясини бекор қилиш масаласини кўриб чиқиш учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига тўпланган ҳужжатлар юборилди.

Шунингдек, дори воситаларини товар чекисиз сотиш ҳолатлари аниқланмоқда. Дорихоналар аксарият ҳолатларда дори воситалари нархларини яшириш мақсадида товар чекини беришмаётганлиги кузатилмоқда. Бу ўз навбатида дори воситаларини қиммат нархларда сотиш ҳолатларини аниқлашни қийинлаштирмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда дорихоналарни лицензиялаш тартиби тўғрисида низомга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш, товар чеки бермаслик лицензияни бекор қилиш учун асос бўлган қўпол бузилишлар сифатида таснифлашни назарда тутувчи қарор лойиҳаси тайёрланди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 24
Рейтинг: 3.4
Теглар
t
×