Нархни сунъий ошириб, асоссиз 21,1 млрд сўмдан кўп пул олган дорихоначилар ушланди
3-саҳифа
−
20 Май 2845 2 дақиқа
Ўзбекистонда истеъмолчилардан 21,1 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олган 2,5 мингга яқин дорихонага тегишли таъсир чоралари қўлланилди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ахборот берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 26 октябрдаги 411-сон қарори асосида дори воситалари нархларини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича рақамлаштирилган тизим жорий этилиб, мазкур тизим орқали чакана ва улгуржи савдода дори воситалари нархларининг асоссиз оширилишини инсон омилисиз аниқлаш механизми йўлга қўйилган.
Шунингдек, улгуржи савдода дори воситаларининг нархи белгиланган референт нархдан юқори қўлланилганда, солиқ органлари томонидан ҳисоб-фактураларни рўйхатга олишнинг автоматик тўхтатиш (валидация) тизими жорий этилган.
Натижада 12,5 мингдан зиёд чакана дорихоналарга дори воситаларини белгиланган референт нархдан қиммат сотилиши – улгуржи савдода нархларни сунъий ошириш ҳолатларининг автоматик равишда олди олинган.
Билдирилишича, ўтган давр мобайнида 2,5 мингга яқин дорихона томонидан 686 мингга яқин ҳолатда чекланган савдо устамаси 10 фоиздан 3 баробаргача ошириб қўллангани аниқланиб, истеъмолчилардан асоссиз равишда 21,1 миллиард сўм маблағ олингани маълум бўлган ва қайтариш юзасидан тегишли чоралар кўрилган. Хусусан, 2026 йилнинг биринчи чорагида 190 дан ортиқ дорихонада 110,5 мингга яқин ҳолатда 1,4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ асоссиз олингани аниқланиб, уларни қайтариш чоралари кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ дори воситаларини вақтинча ушлаб туриб, сунъий тақчилликни келтириб чиқариш ҳолатларига қарши қатъий чоралар кўрилиши хабар қилинган эди.
Live
Барчаси