24 йиллик етакчи Эрдўған 71 га кирди

Таҳлил

image

20 йилдан ошиқ вақтдан бери мамлакат сиёсатининг энг юқори поғоналарида турган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бугун, 26 февраль куни 71 ёшга тўлди. У 2003 йилдан 2014 йилгача бош вазир, 2014 йилдан бошлаб эса Президент сифатида фаолият юритмоқда. 

Эрдўған нафақат мамлакат ичкарисида, балки бутун минтақада етакчиликни қўлга олди ва 2017 йилда референдум орқали парламент тизимини бекор қилиб, Туркияни президентлик республикасига айлантирди. Бу эса унинг ваколатларини сезиларли даражада кенгайтирди. Эрдўған бошчилигида Туркия катта ўзгаришларга эришган бўлса-да, унинг сиёсати кўпинча ички мухолифат ва халқаро ҳамжамият томонидан танқид қилинади. Устига устак, охирги йилларда Туркиянинг иқтисодий муаммолари, инфляциянинг ошиши (Жаҳон банки маълумотларига кўра, 50 фоиздан юқори) ва турк лирасининг қадрсизланиши (1 турк лираси 0,027 АҚШ долларига тенг) унинг обрўсига путур етказмоқда. Мақолада Эрдўғаннинг сиёсат йўлидаги асосий чизгилари ҳақида сўз боради.

Эрдўғаннинг сиёсий саҳнага чиқиши

Таълим, сиёсат ва спорт. 1954 йил 26 февралда туғилган Эрдўған Қора денгиз бўйида улғайган ва 13 ёшида унинг оиласи Истанбулга кўчиб ўтган. Исломий мактабда таълим олаётган ёш Эрдўған пул топиш учун лимонад ва кунжутли пишириқлар сотарди. Кейинчалик у шаҳардаги Мармара университетининг иқтисодиёт факультетида таҳсил олган ва ўқиш чоғида исломий Миллий нажот партияси ёшлар қанотида ўз сиёсий фаолиятини бошлаган. Эрдўған 1969 йилдан 1982 йилгача футбол билан шуғулланиб, ярим профессионал даражадаги клубларда тўп сурган, аммо сиёсат учун спортдаги фаолиятини тўхтатган.

Истанбул бошқаруви ва қамоқ. Эрдўған 1994 йилда Истанбул мэри лавозимига сайланди ва кейинги тўрт йил давомида шаҳарга раҳбарлик қилди. Бироқ у омма олдида ўқиган шеъри туфайли миллатлараро низо ва нафрат қўзғатишда айбланиб, қамоққа олинди. Шеърда қуйидаги сатрлар бор эди:

Масжидлар – бизнинг казармаларимиз, 
Уларнинг гумбазлари – бизнинг дубулғаларимиз, 
Миноралар – бизнинг найзаларимиз, 
Ва иймонимиз – бизнинг аскарларимиз.

Тўрт ойлик қамоқдан сўнг Эрдўған яна сиёсатга қайтди.

Партия ва бош вазирлик. 2001 йилнинг августида Эрдўған бошчилигида янги, исломий илдизларга эга “Адолат ва тараққиёт” партияси ташкил қилинди. Кейинги йили парламент сайловларида мазкур партия ғалаба қозонди ва 2003 йилда Эрдўған бош вазир этиб тайинланди. Шундан сўнг, у кетма-кет уч муддат бош вазирлик лавозимида ишлади ва халқаро миқёсда танилди.

Президентлик. Эрдўған 2014 йилда илк бор Президент лавозимига сайланди ва ҳамон мамлакатни бошқариб келмоқда. Аммо у лавозимга келишининг дастлабки йилларидаёқ икки жиддий зарбага дуч келди: унинг партияси 2015 йилги сайловда парламентдаги анчагина ўрнини йўқотди ва орадан кўп ўтмай, 2016 йилда 300 нафар тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлган ҳарбий тўнтариш содир бўлди.

Бироқ таъкидлаш керакки, президентликка сўнгги сайлов ҳам у учун осон кечмади. Негаки, 2023 йилнинг февралидаги 40 мингдан ортиқ туркияликнинг ўлимига сабаб бўлган даҳшатли зилзила туфайли Эрдўғаннинг обрўсига путур етди ва мухолифат кучлари бундан максимал фойдаланиб қолди. Шунга қарамасдан Эрдўған Халқ альянсидан президентликка номзод бўлган Камол Қиличдорўғлидан кўпроқ овоз йиғишга муваффақ бўлди ва ўз лавозимида қолди.


Маълумот учун, амалдаги Туркия конституциясига кўра, давлат раҳбари ўз лавозимида кетма-кет икки муддатдан кўп сайланиши мумкин эмас. 2023 йилнинг май ойида бўлиб ўтган сайловларда Эрдўған беш йиллик иккинчи муддатга қайта сайланган ва унинг ваколат муддати 2028 йилда тугайди.

Эрдўған халқаро майдонда

Туркия Президентининг халқаро майдондаги обрўси мураккаб ва зиддиятли. У ўзини мустақил сиёсат юритувчи етакчи сифатида кўрсатишга интилиб, Ғарб ва Шарқ ўртасида мувозанатни ушлаб туришга ҳаракат қилади. Бироқ унинг бошқарув услуби, ташқи сиёсати ва ички репрессиялари халқаро майдонда турлича қаршиланмоқда.

Эрдўғаннинг Европа Иттифоқи (ЕИ) ва АҚШ билан муносабатлари кўпинча таранг бўлиб келган. 2016 йилги ҳарбий тўнтаришдан сўнг минглаб одамлар қамоққа олиниши ва сўз эркинлигига босимнинг ошиши Ғарб томонидан танқид қилинди. Туркия Европа Иттифоқига аъзолик учун 1987 йилда ариза берганига қарамай, мақсадига ета олмаяпти. Европа Комиссияси матбуот котиби Петер Станонинг айтишича, жараён “йилларни талаб қилади”.

Эрдўған ва АҚШ. Эрдўған 2016 йилги ҳарбий тўнтариш ортида собиқ имом, “Хизмат” жамоатчилик ҳаракати асосчиси Фатҳуллоҳ Гулен турганини иддао қилиб, АҚШдан уни экстрадиция қилишни талаб қилган, аммо АҚШ бунга рози бўлмаган ва Гулен вафотигача (2024 йил) ўша ерда яшади. Қолаверса, АҚШнинг азалий рақиби (ҳозир акси кузатилаётган бўлса ҳам) Россия билан яқинлашув, Вашингтонни яхшигина хафа қилди.

Эрдўған ва Россия. Эрдўған Путин билан яқин алоқалар ўрнатди. Россиядан С-400 мудофаа тизимини сотиб олди. Россия эса Туркияда биринчи атом электр станциясини қурмоқда ва унга газ етказиб берувчи асосий давлатлардан бирига айланди.

Бироқ расмий Москва билан яқин алоқаларига қарамай, Туркия Украинага дрон етказиб берган ва Қора денгиз дон келишувида воситачилик қилган. Бу эса унга халқаро майдонда муҳим ўрин эгаллаш имконини берди.

Мусулмон давлатлари билан алоқалар: ислом дунёси етакчиси бўлишга интилиш

Эрдўған Яқин Шарқ ва мусулмон дунёсида ўзини исломий етакчи сифатида кўрсатишга интилмоқда. Фаластин ерларида кечган можароларда у Исроил ва уни қўллаб-қувватлаётган Ғарб давлатларини доимий танқид қилди, шунингдек, дунё ҳамжамиятини Фаластинга ёрдам беришга чақирди. Аслини олганда, Эрдўған Исроилга қарши нутқларини аввалроқ бошлаган ва 2017 йилда яҳудий мамлакатини “террорчи” деб атаб, Қуддус Фаластин пойтахти бўлиши тарафдори эканини билдирганди.

Бироқ бундай “пафосли нутқлари”га қарамай, Туркиянинг Исроил билан ҳамкорлик қилишда давом этиши дунё ОАВ томонидан кескин танқидга учраганди.

Шунингдек, Эрдўған Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа мусулмон мамлакатларини бирлаштирувчи тузилмаларда фаол иштирок этиб, мусулмон дунёсининг манфаатларини ҳимоя қилишни даъво қилади.

Бир ўқ билан икки қуён: Эрдўғаннинг Суриядаги сиёсати

Эрдўғаннинг Суриядаги сиёсатини ҳеч иккиланмай мураккаб ва кўп қиррали дейиш мумкин. У бошиданоқ 50 йилдан ортиқ давом этган автократик оила сулоласининг иккинчи авлоди саналган Башар Асад ҳукуматига қарши қўзғолонларни қўллаб-қувватлаган. Эрдўған Сурияда 2011 йилдан буён давом этаётган фуқаролар уруши даврида ўз мамлакатини шафқатсиз бошқариши билан танилган Асаднинг истеъфосини талаб қилиб келган. Ва ниҳоят 2024 йил сўнггида Асад режими ағдарилди ва 2025 йил январида Аҳмад аш-Шара мамлакатнинг ўтиш давридаги президенти деб эълон қилинди.

Шундан сўнг, Туркия Президенти Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва бирлигини сақлаш мамлакатнинг асосий сиёсати эканини таъкидлаб, Дамашқдаги янги маъмуриятга сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий соҳаларда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Аҳмад аш-Шара ҳам иккинчи хорижий сафаридаёқ Туркияга учиб борди ва Сурия ҳудудида Туркиянинг ҳарбий-ҳаво базаларини ташкил этишни ўз ичига олган мудофаа пактини муҳокама қилди.

Туркия ҳукумати биринчилардан бўлиб, Суриядаги янги маъмуриятни қўллаб-қувватлаш мақсадида Дамашқдаги элчихонасини қайта очди ва Ҳалабда бош консуллик ташкил этди. Туркияда сўнгги пайтларда жиддий муаммога айланаётган муҳожирлар (мамлакатда 3,5 миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар мавжуд эди) ва бошқа масалаларни ҳал қилиш борасида Эрдўған Асад билан чиқиша олмаётган ҳамда унга Аҳмад аш-Шарадек “ини” керак эди, сўнггида шундай ҳам бўлди. 

Эрдўғаннинг туркий халқлар борасидаги сиёсати ҳақида тўхталсак, уни сўнгги пайтлар кўп бора муҳокама мавзусига айланаётган туркий халқлар бирлашувида жонбозлик кўрсатмоқда дейиш мумкин. У Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) фаолиятини кучайтириш ва жараёнларни тезлаштириш тарафдори сифатида намоён бўлмоқда. Шунинг билан бир вақтда Россия ва Хитой каби минтақадаги кучли ўйинчилар билан мувозанатни сақлашга ҳам ҳаракат қилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, дунё саҳнида Туркиянинг узоқ йиллик Президенти сиёсатини ёқловчилар ҳам, қораловчилар ҳам етарлича. 2024 йилнинг мартида муниципал сайловларда партия етакчиси сифатида иштирок этган Эрдўған бу у учун сўнгги сайлов эканига урғу берган.

“Иш фаолиятим билан тўхтовсиз шуғулланяпман, нафас олишга улгурмай югуряпмиз. Мен учун бу якун. Бу сайловлар қонунчилик томонидан рухсат этилган ваколатим доирасидаги сўнгги сайловдир. Кейинги ишлар мендан кейин келадиган биродарларимга ўтади”, деган у.

Аммо таъкидлаш жоизки, Туркияда ҳам, минтақада ҳам Эрдўған айни вақтда “асосий ўйинчи”лардан бири.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг