Султон Иброҳим Малайзия ҳукмдори этиб сайланди
Олам
−
27 Октябрь 2023
6731Султон Иброҳим Малайзия Олий Монархи этиб сайланди. У 2024 йилнинг 31 январида ўз вазифасини бажаришга киришади. Бу ҳақда “Bernama” агентлиги хабар берди.
Янги давлат раҳбарини сайлаш тартиби мамлакат пойтахти Куала-Лумпурдаги монархнинг қароргоҳи Истана Негара саройида бўлиб ўтган. Малайзиянинг амалдаги олий раҳбари Абдуллоҳ Риаятуддин Ал-Мустафо Биллоҳ ўз ваколатларини 2024 йилнинг январигача якунлашни режалаштирмоқда. У 2019 йил 31 январдан бери ҳокимият тепасида.
Маълумот учун, Малайзиянинг олий раҳбари асосан вакиллик функцияларини бажаради. Конституцияга кўра, ҳукуматнинг ҳар қандай қарори унинг номидан ва унинг розилиги билан қабул қилинади, лекин амалда монарх ҳукумат ёки парламент тавсиялари асосида қарор қабул қилади. Сўнгги йиллардаги сиёсий беқарорлик монархиянинг таъсирчан институтга айланишига олиб келди: 2020-2022 йилларда қирол уч марта ҳукумат бошлиғини тайинлади.
Мамлакатда ирсий султонларни олий раҳбар лавозимига алмаштиришнинг ноёб тизими мавжуд. У ўзининг ўринбосари (вице-ройи) билан бирга тўққиз штатнинг меросхўр ҳукмдорлари орасидан беш йил муддатга сайланади (кетма-кет иккинчи муддатга қайта сайланиш ҳуқуқисиз). Номзод қироллик лавозими шакллантирилган 1957 йилда тузилган рўйхат бўйича аниқланади.