Сулаймоний қотиллигида иштирок этган америкалик офицер ўлик ҳолда топилди
Олам
−
02 Июль 2021
13945АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари офицери Жеймс Уиллис Қатарда жойлашган Ал-Удейд авиабазасида ўлик ҳолда топилди.
Таъкидланишича, Эрон махсус хизматлари Уиллисни эронлик генерал Қосим Сулаймонийни ўлдиришда иштирок этган шахслар рўйхатига киритган. Маълум бўлишича, 55 ёшли офицернинг ўлими жанглар билан боғлиқ эмас. Ҳозирда ўлим ҳолатлари ўрганилмоқда.
Қайд этилишича, Уиллис Ҳарбий ҳаво кучлари “Қизил от” отрядига қўмондонлик қилган. У АҚШ армиясининг ҳарбий амалиётини қўллаб-қувватлаш учун Қатарда бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 3 январь куни АҚШнинг Бағдод халқаро аэропортига уюштирган ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилганди. Бунга расмий Теҳрон 8 январь куни Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбаси бериш билан жавоб қайтарди. АҚШ ҳужум натижасида қурбонлар йўқлиги, зарар кам эканини маълум қилди.
Пентагон Сулаймонийни йўқ қилиш буйруғи шахсан собиқ Президент Дональд Трамп томонидан берилганини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасида уруш чиқиши хавфи ортиб кетганди.
Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.
Бир томондан, Сулаймоний Қўшма Штатларга қарши курашган гуруҳларнинг қўмондони вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан у Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда муҳим роль ўйнаган. Шу муносабат билан Сулаймоний нафақат қўмондон, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган эди.
Қосим Сулаймоний, шунингдек, Оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришдаги энг таъсирчан исмлардан бири бўлган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь