Судларнинг айрим ваколатини профилактика инспекторларига ўтказиш таклиф қилинди
Жамият
−
03 Ноябрь 2020
5463Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексга ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қайтарилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербоев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Қонун лойиҳасида бир қатор маъмурий ҳуқуқбузарликлар, шу жумладан, ёввойи нашаларни йўқ қилиб юбориш чораларини кўрмаганлик, ит ва мушук боқиш қоидаларини бузиш, ҳайвонларга нисбатан шавқатсиз муносабатда бўлиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати судлардан ички ишлар органлари профилактика инспекторларига ўтказилиши таклиф этилган эди.
Бироқ депутатлар бу инсон ҳуқуқларини таъминлашда одил судловни амалга оширишга тўғри келмаслиги, коррупцияга олиб келиши, ҳуқуқни қўллашда ва муҳофаза қилишда субъективлик пайдо бўлиши, профилактика инспекторларига норасмий режалар қўйилишига ҳамда фуқароларда норозиликлар пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида таъкидлаб ўтишган.
“Овоз бериш натижасига кўра, депутатларнинг асосий қисми қонун лойиҳасига қарши чиқдилар ва лойиҳани қабул қилиш рад этилди”, деб ёзган Расул Кушербоев.