Судандаги тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сони 420 нафарга етди
Олам
−
24 Апрель 2023
3749Суданда армия ва Тезкор ҳаракат кучлари (RSF) ўртасидаги тўқнашувларда ҳалок бўлган тинч аҳоли сони 420 нафарга етди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)га таяниб, "Al Arabiya" телеканали хабар берди.
"Судандаги жангларда ҳалок бўлганлар сони 420 нафарга етди, 3,7 минг киши жароҳат олди", дейилади хабарда.
Жорий йилнинг 23 апрель куни тонгда Судан Шифокорлар қўмитаси 260 дан ортиқ тинч аҳоли можаро қурбони бўлгани, 1,5 мингдан ортиқ киши жароҳатланганини маълум қилганди. Шунингдек, 20 мингдан ортиқ киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган.
Суданда вазият қандай?
Суверен кенгашга (мамлакат бошқарув органи) ҳам раҳбарлик қилаётган армия қўмондони Абдулфаттоҳ ал-Бурхон ва унинг кенгашдаги ўринбосари махсус кучлар қўмондони Муҳаммад Ҳамдан Дагало ўртасидаги келишмовчиликлар туфайли Суданда вазият кескинлигича қолмоқда.
Жорий йилнинг 15 апрель куни авж олган тўқнашувлар 2021 йилги ҳарбий тўнтаришдан кейин бошланган сиёсий инқирознинг давоми экани айтилмоқда. Тезкор ҳаракат кучлари ва армия икки йилдан бери ўтиш даври ҳукуматини шакллантириш бўйича келиша олмаган турли сиёсий гуруҳларни қўллаб-қувватламоқда.
Тезкор қўллаб-қувватловчи кучлар (RSF) жангарилари мамлакатдаги камида учта аэропортни, шунингдек, қатор ҳарбий объектлар ва Президент саройини эгаллаб олганини айтишган.
Бироқ Судан Қуролли кучлари бош қўмондони Абдель Фаттоҳ ал-Бурхоннинг таъкидлашича, RSF'нинг Президент саройи, пойтахт аэропорти ва қуролли кучлар штаб-квартирасини назорат қилаётгани ҳақидаги баёнотлари ҳақиқатга тўғри келмайди. Генерал Бурхон “Al Jazeera” нашри билан суҳбатда ҳарбийлар вазиятни тўлиқ назорат қилаётганини таъкидлаган.
Судан пойтахти Хартумдаги кўплаб йўллар ва кўприклар тўсиб қўйилган, аэропорт ҳам уруш ҳудудига айланган, у ерга парвозлар тўхтатилган. Украина оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, ҳарбий ҳаракатлар оқибатида Украинанинг SkyUp авиакомпаниясининг Boeing 737 самолёти аэропортда ёниб кетган.
Бирлашган Араб Амирликларининг Хартумдаги элчихонаси можаро қандай кечаётганини катта ташвиш билан кузатаётганини қайд этиб, муаммони тинч йўл билан ҳал қилиш ва янги ҳукуматни шакллантиришда миллий консенсус (келишув)га эришиш зарурлигини яна бир бор эслатиб ўтган.
Шунингдек, АҚШнинг Хартумдаги элчиси Жон Годфри ўқ овозларидан уйғонганини ҳамда ҳозирда худди Хартумдаги ва бошқа жойлардаги суданликлар каби элчихонада бошқа дипломатлар билан яшириниб юрганини айтган.