Судан Россияга ўз ҳудудида ҳарбий-денгиз базаси қуришга рухсат бериши мумкин 

Олам

image

Судан парламенти жорий йилда бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг мамлакатда Россия ҳарбий-денгиз базасини қуриш бўйича келишувни кўриб чиқади. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазири Али Содиқ Али “РИА Новости”га берган интервьюсида маълум қилди.

Вазир келишувнинг ратификация қилинишини кутаётганини  айтди.

“Биз келишувни кўриб чиқадиган ва ҳукуматга ижобий тавсия берадиган янги парламент бўлиши керак, деган позициядамиз. Шунинг учун бу масалани сайланадиган парламентга қолдирамиз”, деган Али Содиқ Али.

Россия ҳарбий-денгиз кучлари учун Судан ҳудудида логистика марказини яратиш бўйича икки давлат ўртасидаги келишув 2020 йилда Африка давлатининг аввалги ҳукумати даврида тузилган. Унга кўра, ҳарбий-денгиз станцияси ходимларининг максимал сони 300 кишидан ошмайди. Судан ҳудудида бир вақтнинг ўзида тўрттадан ортиқ Россия кемаси бўлмаслиги керак. 

Бунинг эвазига Россия Суданга қурол ва ҳарбий техника етказиб беришни бошлайди. Шартнома 25 йил муддатга тузилган. Бироқ шартнома ҳалигача ратификация қилинмаган.

Маълумот учун, 2019 йилда Суданда ҳарбий тўнтариш бўлиб ўтган ва мамлакат президенти Умар ал-Башир ҳокимиятдан ағдарилган. Мамлакатда ўтиш даври Суверен Кенгаши тузилди, унинг таркибига армия вакиллари ва Тезкор реакция кучларининг ҳарбийлаштирилган тузилмаси киритилди.

2021 йилнинг баҳорида Судан ҳукумати Россия билан келишувни парламент, Суверен Кенгаш ёки мамлакат ҳукумати тасдиқламагунча тўхтатиб қўйди. Орадан олти ой ўтиб, Судан Ташқи ишлар вазири ўринбосари Муҳаммад Шариф республика қонун чиқарувчи органлари шартномани ратификация қилиш учун ҳали етарли ваколатларга эга эмаслигини айтди.

2023 йилнинг февралида “Associated Press” агентлиги Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ташрифидан сўнг, Судан ҳукумати Россия билан келишувни қайта кўриб чиққани ва шундан бери ҳужжат ратификация қилинишини кутаётгани ҳақида хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Wall Street Journal” нашри Судан разведкаси ходими Аҳмад Ҳасан Муҳаммадга таяниб, Эрон Қизил денгизнинг Судан қирғоғида ўзининг ҳарбий-денгиз базасини яратиш бўйича музокаралар олиб боргани, аммо улар муваффақиятсиз тугаганини ёзганди. Кейинчалик расмий Теҳрон буни рад қилди.

Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Судан ҳарбий-денгиз базаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг