Столтенберг НАТО давлатларини илғор технологияларни Хитойга экспорт қилмасликка чақирди
Олам
−
19 Июнь 2023
7635НАТО давлатлари Хитойдан муҳим ресурслар етказиб беришга қарамлигини камайтириши ва Ғарб давлатларига қарши ишлатилиши мумкин бўлган илғор технологияларни Хитойга экспорт қилмаслиги керак. Бу ҳақда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг бугун, 19 июнь куни Берлинда бўлиб ўтган “Германия саноати куни” иқтисодий конференциясида сўз очди.
“Биз тоталитар тузумларга қарамликдан қочишимиз керак. Биз Хитойдан муҳим ресурслар етказиб беришга қарам бўлмаслигимиз ва Хитойга бизга қарши ишлатилиши мумкин бўлган энг илғор технологияларимизни етказиб бермаслигимиз керак”, деган Столтенберг.
Шунингдек, у 5G тармоқлари каби муҳим инфратузилма устидан назоратни йўқотмаслик кераклигини таъкидлаган.
Айтиш жоизки, Европа Иттифоқи ва АҚШда 5G мавзусидан сўз очилганда асосан Ғарб технология компанияларига Хитой сармоясини тақиқлаш ва Ғарб провайдерларига юқори тезликдаги маълумотлар тармоқларини ўрнатишда фойдаланиш учун Хитойнинг юқори технологияли маҳсулотларини сотиб олишни чеклаш назарда тутилади.
Столтенбергнинг аниқлик киритишича, НАТО Ғарбни заиф ҳолга келтирадиган қарамликдан қочиб, Хитой билан савдо ва ўзаро ҳамкорликни давом эттириш ниятида. Шунингдек, у НАТО давлатлари ва хусусий компанияларни Хитойга қарамликни камайтириш учун кучларни бирлаштиришга чақирган.
LiveБарчаси