Starliner экипажи фазода қолиб кетди
Олам
−
08 Август
13723Бир ҳафталик Starliner синов миссияси доирасида жорий йилнинг июнь ойида фазога учган америкалик астронавтлар Барри Уилмор ва Сунита Уильямс 2025 йилнинг февралигача Ерга қайтмаслиги мумкин. Бу ҳақда BBC ёзмоқда.
Халқаро космик станцияга синов миссияси учун Boeing Starliner космик кемаси билан фазога кўтарилган 61 ёшли Уилмор ва 58 ёшли Уилямс бир неча кундан кейин уйларига қайтишни кутган. Аммо ҳаммаси режадагидек бўлмади. Бу бортда одамлар иштирокидаги биринчи парвоз эди ва янги космик кемадан мунтазам фойдаланишдан олдин қандай ишлашини кўриш учун мўлжалланган синов эди. Синов эса уларни 2025 йилгача космосда қолиб кетишига сабаб бўлди.
NASA маълумотларига кўра, кўриб чиқилаётган потенциал вариантлардан бири икки космонавтни сентябрь ойида бошланиши режалаштирилган SpaceX'нинг миссиясига бириктириш ва уларни 2025 йил февраль ойида ушбу миссия билан Ерга қайтаришдир.
“Номаълум муддатга қолиб кетган бу жуфтлик энди ёзни бутунлай ўтказиб юбориш ва ҳатто Рождество ва Янги йилни космосда ўтказиш эҳтимолига дуч келмоқда”, дея ёзган нашр.
Астронавтларнинг биринчи Starliner синов миссияси дастлаб 8 кун давом этиши режалаштирилган эди. Бортида икки америкалик астронавт бўлган бошқариладиган космик кема 5 июнь куни Флорида штатида United Launch Alliance Atlas V ракетаси ёрдамида учирилган. Бироқ, уланиш пайтида космик капсуланинг ҳаракатланиш тизимида муаммолар пайдо бўлган. Техник носозликлар туфайли экипаж ҳали ҳам Ерга қайтиб кела олмаяпти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NASA'нинг Жеймс Уэбб космик телескопи анча узоқда жойлашган “Космик шафақ" деб номланган галактикани кашф қилгани ҳақида хабар берилганди.