Сталин даврида қамалган, Каримов даврида тақиққа учраган шоирни Мирзиёев мукофотлади

Жамият

image

Ўзбекистон халқ шоири, ёзувчи Шукурулла Юсупов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг кеча, 28 август куни имзолаган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан  “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланди. 

Жорий йилнинг 2 сентябрь куни 99 ёшни қаршилайдиган Шукурулла Юсупов собиқ иттифоқ давридаги пахта иши, ўзбеклар иши каби воқеалар акс этган “Кафансиз кўмилганлар” асари билан мустақилликнинг илк 10 йиллигида мамлакатда катта обрў-эътиборга эга адиблардан бири сифатида кўрилар эди. ХХ аср бошида Шукурулла Юсупов маълум ва номаълум сабабларга кўра тақиққа учради. Унинг шеърлари, асарлари дарсликлардан олиб ташланди, нашрларда эълон қилинмайдиган бўлди. 

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимида иш бошлагач, кўплаб маданият ва санъат, адабиёт вакиллари қаторида Ҳалима Худойбердиева, Шукурулла Юсуповга қўйилган тақиқлар олиб ташланди. 

Маълумот ўрнида, Шукурулла Юсупов 1921 йилнинг 2 сентябрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. 

1938 йил Қорақалпоғистонда, 1939-45 йилларда Тошкентда ўқитувчилик қилган. Кейин Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи (1945—49), Ўзбекистон давлат нашриётида муҳаррир (1945—51; 1955—65). 

1951 йилда миллатчилик ва советларга қарши тарғиботда айбланиб, 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, Сталин вафотидан кейин озод этилган (1955). Илк шеърлар тўплами — “Биринчи дафтар” (1949). Шундан кейин унинг “Қалб қўшиқлари” (1949), “Ҳаёт илҳомлари” (1959), “Умрим борича” (1960), “Инсон ва яхшилик” (1961), “Инсон — инсон учун” (1964), “Зарралар” (1973), “Суянчиқ” (1977), “Яшагим келади” (1978), “Сенинг бахтинг” (1988), “Тўкилган дардларим” (2001) каби шеърий тўпламлари эълон қилинган. 

Шукурулла Юсупов лирик шеърларида севги ва вафо, меҳр ва оқибат сингари инсоний қадриятларни улуғлаб, китобхонда ялқовлик, лоқайдлик, калондимоғлик, ҳасадгўйлик, ғаразгўйлик каби иллатларга нисбатан нафрат туйғусини уйғотишга интилган. Лирик қаҳрамоннинг руҳий оламида кечган ва кечаётган эврилишларни инсон ва жамият, инсон ва табиат ўртасидаги узвий алоқани тасвирлаш орқали кўрсатиб берган. Шукурулла “Чоллар” (1948), “Россия” (1956), “Икки қоя” (1964), “26 тонг отари” (1966), “Гул ва оташ” (1972), “Кўнгил чироғи” (1975), “Аср баҳси” (1985) ва бошқалар достонларини ёзган.

Шукурулланинг болаларга бағишланган шеър ва эртаклари “Баҳор совғаси” (1962), “Юлдузлар” (1964) шеърий тўпламларидан ўрин олган. “Хатарли йўл” (1962), “Табассум ўғрилари” (1964), “Тўйдан кейин томоша” (1980), “Ўғрини қароқчи урди” (1982), устоз ёзувчиларнинг ижоди тажрибалари тўғрисида баҳс юритувчи “Жавоҳирлар сандиғи” (1983) эссеси, қатағон даври даҳшатлари ҳақидаги “Кафансиз кўмилганлар” (1989) автобиографик қиссаси, “Қасосли дунё” (1994) публицистик мақолалар тўплами, Убайдулла Хўжаев тўғрисидаги “Тирик руҳлар” (1999) роман-хроникаси муаллифи. 

Унинг асарлари рус, араб, турк, озар, қорақалпоқ, қозоқ, қирғиз тилларида нашр этилган. Шоир 1981 йилда Ўзбекистон халқ шоири, 1994 йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти, 1994 йилда “Дўстлик” ордени ва 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шукурулла Юсупов

Баҳолаганлар

338

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар