Спортчиларга Tracker, билимдонларга “замбаракнинг ўқи” ми?
Интервью
−
15 Август 2023
13080“Билаги зўр бирни йиқар, билими зўр мингни”. Бу доно мақол ўзбек халқига тегишли-ю, Ўзбекистон халқига эмас. Бу юртда билаги зўрлар азиз, билими зўрлар эмас. Гап нима ҳақида кетаётганини бироздан сўнг билиб оласиз.
Жорий йилнинг 23-30 июль кунлари Италия пойтахти Рим шаҳрида тарих фанидан халқаро олимпиада – International history olympiad ўтказилди. Унда эса Ўзбекистоннинг 32 йиллик тарихи давомида биринчи марта Ўзбекистон вакили иштирок этди. У 17 ёшли йигит – Ҳумоюн Бахтиёров. Ҳумоюн мазкур олимпиадада Ўзбекистон номидан иштирок этиб, иккита олтин медаль, битта кумуш медални қўлга киритди.
“Тарихни инглиз тилида 9-синфлигимдан бошлаб ўқиб келаман. Интернетдан шу олимпиада 2015 йилда биринчи марта ўтказилганини билдим. Лекин Ўзбекистондан шу пайтгача ҳеч ким қатнашмаган экан. Марказий Осиёдан фақатгина Қозоғистондан вакил иштирок этган ва битта бронза медални қўлга киритган. Шу сабабли 2023 йилги олимпиадага бориб билимимни синаб кўрмоқчи бўлдим. Унда эса:
24 июлда “Жанубий Осиё тарихи” йўналиши бўйича олтин;
28 июлда “Африка ва Яқин Шарқ тарихи” йўналиши бўйича 2-олтин;
28 июль кунининг ўзида яна “Замонавий Европа тарихи” йўналиши бўйича кумуш медалларни қўлга киритдим”, деди Чилонзор туманидаги 103-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси Ҳумоюн Бахтиёров.
Ҳумоюннинг натижаларини кўргач билимлиларнинг қадрига яхши етадиган Америка Қўшма Штатлари дарҳол уни ўзи томонга оғдирмоқчи бўлиб, унга яхшигина пул ва нуфузли университетларда ўқиш учун имконият таклиф қилган.
“Даставвал ишонишмади, лекин биринчи олтинни олганидан кейин агар хоҳласак, маълум моддий имкониятлар эвазига Америка номидан қатнашишимизни таклиф қилишди. “Фарзандингизнинг билими кучли экан, ўйлаб кўринг. Бизда имконият бор”, деб айтишди. Лекин биз рози бўлмадик. Чунки Ўзбекистоннинг байроғини кўтариш учун келган эдик ва шундай қилдик ҳам. Ўғлим биринчи олтинни олганида, юртимиз байроғини кўтарганида тўғриси, менинг ҳам кўзимга ёш келди. Пул топилади, лекин Ватан топилмайди”, деди Ҳумоюннинг отаси Шоҳимардон Раҳимбоев.
Аммо бу ватанпарварлар масъулларнинг эътиборисиз қолди. Спортчилар халқаро олимпиадада ютиб келганида аэропортни бошига кўтарадиган карнай-сурнай овози тарихчи Ҳумоюнга келганда эшитилмади. Унга зарчопон кийдирилмади. Спортчиларга халқ солиғидан қўшқўллаб машина совға қиладиган ҳокимлар ҳам йўқ. Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, бугун “трендда” бўлган шахматчиларнинг ортидан қолмаётган Ёшлар ишлари агентлиги раиси Алишер Саъдуллаев ҳам Ҳумоюнни на мақтади, на алқади. Нима, бу мамлакатга тарихчилар керак эмасми? Спортчига Tracker, тарихчига “замбаракнинг ўқими?”
Ҳумоюнга эса булар қизиқ эмас. У бугун Италияни унинг тарихи боқаётгани, тарихий масканлари сабаб миллионлаб туристлар Римга оқиб бораётганини айтиб, Ўзбекистон ҳам ўз тарихи бўйича Италиядан қолишмаслиги, бу тупроқларда минг йиллик тарих намуналари сақланиб қолганини билдирди. Фақат уларни топиш, топилганларини тиклаш, тикланганиларини эса тарихий туристик масканларга айлантириб, туристларни жалб қилиш керак. Унинг айтишича, агар Ўзбекистоннинг тарихи тикланса, у ҳеч қандай Помпейдан қолишмайдиган бўлади.
“Ҳамма Самарқанд, Хива, Бухорога боради-ю, Тошкентга келса, уни ҳеч ким тушунмайди. “Тошкентда нима бор?” дейишади. Тошкентда ҳам тарихий масканлар кўп. Чорсу бозори, Кўкалдош мадрасасидан ташқари яна кўплаб қадим ёдгорликлар бор. Масалан энг қадимги давлатлардан бири – Қанғ давлатининг пойтахти айнан Тошкент вилояти ҳудудида бўлган ва ундан ҳам кўп ёдгорликлар қолган. Лекин бу ҳақида афсуски, ҳеч ким билмайди”, деди ёш Ҳумоюн.
Биздан бу мавзуни ёритишни сўраган бошқа бир тарихчи –Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тарих факультети кичик илмий ходими Завқибек Маҳмудов Ўзбекистондай юртда ёш тарихчи Ҳумоюнга, у орқали эса тарих фанига кўрсатилган ҳурматсизликдан қаттиқ ранжиганини айтди.
“Мен бу масалага фикр билдиришим Тарих илми билан шуғулланаётганлигим учун эмас, агар бошқа фандан ҳам Халқаро олимпиадаларда олтин медалларни қўлга киритиб Ҳумоюн сингари беэътибор қолдирилганда албатта фикр билдирардим. Таълим тизимида 7 йилдан ортиқ ишлаганлигим сабабли ҳам бу каби ютуқларни қўлга киритган ўқувчи-ёшларни республика миқёсида танитишимиз лозим, деб биламан. Токи, бошқа ўқувчиларга ҳам ўрнак бўлсин. Улкан марраларни қўйишсин. Тарих – энг буюк тарбиячи, энг буюк ўқитувчи! Агар биз ёш авлодга холисона ёндашилган ўз тарихимиз ва жаҳон тарихига қизиқишни уйғотиб, ўқита олсак, ҳаракатларимиз ватан равнақи учунгина хизмат қилади. Зеро, тарих ўтмиш ва келажак ўртасидаги кўприкдир. Тарихни ўқиган инсонларгина ўтмишдаги хато ва камчиликлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, келажакда аввалги хатолар такрорланишига йўл қўймайди. Буюк “қомусий олим”лар ва дунё тарихида ўз ўрни ва сўзига эга бўлган саркардаларнинг аждодлари эканлигимизни билишимиз, уларга мос давомчи бўлишимиз учун ҳам тарихни ўқишимиз шарт!
Унутмайлик, илмли ёшларимиз учун давлат эътибор қаратмаса, улар учун бошқа давлатлар пул тикишга тайёр!” деди у.
Ҳумоюн билан интервьюнинг тўлиқ шаклини QALAMPIR.UZ’нинг Youtube каналида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси