Спорт яна сиёсийлашди. Хитой ҳиндистонлик курашчиларга виза бермади

Олам

image

Хитой ушу кураши бўйича Ҳиндистон терма жамоаси аъзоси бўлган уч аёл спортчига мамлакатга киришни рад этди. Улар 24-28 сентябрь кунлари Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари доирасида яккакурашнинг ушбу тури бўйича мусобақаларда иштирок этиши керак эди. Бу ҳақда “The Times of India” нашри хабар берди. 

Қайд этилишича, Хитой виза беришни рад этган спортчилар Аруначал-Прадеш штати яшаган. Бу ҳудуд икки давлат орасидаги баҳсли зона бўлиб, Пекин ҳам, Нью-Деҳли ҳам унга даъво қилади. 

Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Спорт вазирлиги спортчиларга виза берилмаганини номақбул деб атади. Ҳиндистон олимпия ассоциацияси раҳбарлари айни дамда Хитойдаги ҳиндистонлик курашчиларга визалар масаласини тезда ҳал қилиш учун Осиё Олимпия қўмитаси билан музокаралар олиб бормоқда.

Спортчилар визалари рад этилганини кеча, 21 сентябрь куни Нью-Деҳлидан Гонконгга келганларида билган. Ҳиндистон жамоасининг қолган саккиз нафар аъзоси Хитой визасини олган ва аллақачон Ханчжоуга етиб борган.

Ҳиндистон ахборот ва радиоэшиттириш, ёшлар ишлари ва спорт вазири Анураг Сингҳ Тҳакур мазкур ҳолатга норозилик билдириш мақсадида 19-Осиё ўйинлари учун Хитойга аввалдан режалаштирилган ташрифини бекор қилган. 

Қайд этиш жоизки, Хитой томонидан қилинаётган бундай ҳаракат биринчи марта кузатилаётгани йўқ. Жорий йилнинг июль ойида Ченгдудаги Универсиадада иштирок этиши керак бўлган Аруначал-Прадеш спортчиларига стандарт виза ўрнига махсус визалар берилган. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги бунга норозилик билдирган. Нью-Деҳли Хитойнинг махсус визаларини жиддий муаммо деб ҳисоблайди, чунки бундай амалиётга розилик Ҳиндистоннинг Хитойнинг баҳсли ҳудудга бўлган ҳуқуқларини тан олишини англатади.

Маълумот учун, Аруначал-Прадеш штати 1962 йилда Хитой-Ҳиндистон чегарасидаги можародан кейин ташкил топган. Пекин Ҳиндистон шимоли-шарқидаги бу ҳудудни Жанубий Тибетдаги Хитой ҳудуди, деб ҳисоблайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Ҳиндистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг