Курс UZS

USD

12 918.36

17.99

EUR

13 951.83

132.95

RUB

144.65

0.85

Ҳусанов “Реал”га қарши ўйнайди

Спорт

Ортда қолаётган ҳафта том маънода хорижда тўп тепаётган ўзбекистонлик футболчилар учун муҳим ва аҳамиятли бўлди. Ҳамон Абдуқодир Ҳусанов билан боғлиқ ҳар бир ҳолат, у ҳақидаги қисқа фикрлар ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Барча футбол ишқибозлари Ҳусанов атрофидаги воқеаларни диққат билан кузатиб турган бир даврда Элдор Шомуродов “Рома” сафида гол уриб, борлигини эслатиб қўйди. Бошқа бир ўзбекистонлик футболчи эса Европанинг номдор жамоаларидан бирига ўтишга яқин турибди. Тугаётган ҳафта спортига оид тренддаги мавзулар билан QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Гвардиола Ҳусановни майдонга тушириш хато қарор бўлганини айтди

“Манчестер Сити” клуби бош мураббийи Хосеп Гвардиола Англия чемпионати 23-тури доирасидаги “Челси” билан ўйинда ўзбекистонлик ҳимоячи Абдуқодир Ҳусановни асосий таркибда майдонга тушириш нотўғри қарор бўлганини тан олди. Бу ҳақда у клуб матбуот хизматига берган интервьюсида айтди. 

“У янги мамлакатга келган. Жамоадошлари билан кўп мулоқот қилмасдан, машғулотларсиз, талабларни тўлиқ билмаган ҳолда Англия чемпионатида "Челси"га қарши ўйнаш осон иш эмас. Бундай ҳолатда дебют қилиш осон иш эмас. Ҳусановнинг қандай вазиятга тушганини тасаввур қилиш қийин”, дейди Гвардиола.

Қайд этиш жоиз, “Челси”га қарши ўйинда 20 ёшли футболчи 52 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. У учрашувнинг бошида қўпол хатога йўл қўйди ва бундан рақиблар унумли фойдаланиб, гол уришга муваффақ бўлди.

Абдуқодир яхши йигитга ўхшайди – Йошко Гвардиол

“Манчестер Сити”нинг хорватиялик футболчиси Йошко Гвардиол 29 январь куни Европа Чемпионлар лигаси 8-тури доирасидаги “Брюгге”га қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида иштирок этиб, ўзбекистонлик жамоадоши Абдуқодир Ҳусанов ҳақида фикр билдирди. 

“Абдуқодир яхши йигитга ўхшайди. Ўтган ўйинда ёмон ўйнамади. Англия чемпионатида “Челси”га қарши ўйинда дебют қилиш осон эмас. У ҳали ёш, биз унга ҳар қандай ёрдамга тайёрмиз. Абдуқодир мен ёки бошқа тажрибали ўйинчилардан ёрдам олиши мумкин, уни доим қўллаб-қувватлаймиз”, дейди Гвардиол.

Қайд этиш жоиз, АПЛ 23-тури доирасида 20 ёшли Ҳусанов “Челси”га қарши асосий таркибда майдонга тушиб, 52-дақиқада захирага олинди. У ўйин бошидаги хатолари билан мухлислар ёдида қолди, бироқ бир қанча эпизодлар ишончли ҳаракатлари билан ҳам ажралиб турди.

Ўзбекистонлик футболчи Португалиянинг етакчи клубига ўтиши мумкин

Владикавказнинг “Алания” клубининг 22 ёшли ўзбекистонлик ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев фаолиятини Португалияда давом эттириши мумкин. Бу ҳақда “Metaratings” хабар берди.

Манбага кўра, Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси хизматларига Португалиянинг “Брага” клуби қизиқиш билдирмоқда. Норчаев тиббий кўрикдан ўтиш олдидан Португалия визаси бўйича амалий ишларни бошлаб юборган.

Маълумот учун, Ҳусайн Норчаев 2023 йилнинг февраль ойида Қаршининг “Насаф” клубидан “Алания”га кўчиб ўтганди. Трансфер суммаси 300 минг еврони ташкил қилди. Норчаев ўтган йилнинг декабригача Фарғонанинг “Нефтчи” клубида ижара асосида ўйнади. Ўзбекистон Суперлигасида эса 15 та ўйинда 4 та гол уриб, 2 та голли узатмани амалга оширди.

Қайд этиш жоиз, “Алания” раҳбарияти жамоа харажатларини сезиларли даражада камайтиришни режалаштиряпти. Қолаверса, жамоанинг маош фонди 5 баробар камайиши керак. “Алания” вице-президенти Данил Гуриев яқинда клубнинг ривожланиш векторидаги ўзгаришларни эълон қилди. Шунинг учун ҳам Норчаев билан боғлиқ таклифлар клуб раҳбарияти томонидан ўрганиб чиқилиши табиий ҳолат.

Норчаевга Португалия чемпионати трамплин бўлади – Сардор Рашидов

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Ҳусайн Норчаев фаолиятини Португалия чемпионатида давом эттиришга яқин. Португалия чемпионатида тўп тепган ўзбекистонлик таниқли футболчи Сардор Рашидов QALAMPIR.UZ билан суҳбатда Норчаевнинг “Брага”га ўтиши билан боғлиқ хабарларга муносабат билдирди.

“Албатта, Ҳусайнда яхши потенциал бор, ўзбекистонлик футболчилар хоҳлаган чемпионатларида ўйнай олишларини исботлаб бўлди. Норчаев учун Португалия чемпионати яхши трамплин бўла олади. Норчаевга омад тилайман, унга ҳам мен каби хет-трик қилиш насиб қилсин”, дейди Рашидов.

Маълумот учун, 33 ёшли Рашидов 2019 йилда Португалиянинг “Насьонал” жамоасида тўп тепган. Рашидов мазкур клубда жами 7 та баҳсда майдонга тушиб, ўйинлардан бирида хет-трик қайд этган. 

Ҳусановнинг “Арсенал”га қарши ўйинда майдонга тушиш эҳтимоли ошди

Англиянинг “Манчестер Сити” клуби устози Пеп Гвардиола жароҳат олган футболчилар “Арсенал”га қарши ўйинда майдонга тушмаслигини айтди. Бу ҳақда у ўйин олди матбуот анжуманида маълум қилди.

Бугун, 31 январь куни АПЛ доирасидаги “Арсенал” - “Манчестер Сити” ўйин олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “шаҳарликлар” мураббийи Пеп Гвардиола жароҳат олган футболчилар ҳақида гапирди.

“Жароҳат олган футболчилар тўлиқлигича тузалмасдан туриб, “Арсенал”га қарши ўйинда майдонга тушмайди”, деди Гвардиола.

Маълумот ўрнида, айни дамга келиб, “Манчестер Сити” таркибидаги футболчилар орасида Рубен Диаш, Натан Аке, Жереми Доку, Родри жароҳат олган ва “Арсенал”га қарши учрашувни ўтказиб юборади. “Арсенал” - “Манчестер Сити” ўртасидаги баҳс 2 февраль куни Тошкент вақти билан 21:30 да старт олади.


Мақола муаллифи

Теглар

Хосеп Гвардиола Элдор Шомуродов Ҳусайн Норчаев “Манчестер Сити” Абдуқодир Ҳусанов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг