Сомалида юз берган терактда 25 нафар аскар ҳалок бўлди
Олам
−
24 Июль 2023
3357Сомалидаги ўқув базасига уюштирилган теракт оқибатида 25 нафар аскар ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Anadolu” хабар берди.
Сомали Мудофаа вазирлигининг агентликка маълум қилишича, бугун, 24 июль куни Могадишунинг Ҳодан туманидаги ҳарбий академияда худкуш-террорчи ўзини портлатиб юборган.
Портлаш оқибатида 25 нафар аскар ҳалок бўлган, 60 га яқини яраланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов бошланган.
Ҳужум учун жавобгарликни “Аш-Шабоб” террор ташкилоти ўз зиммасига олган.
Маълумот учун, “Аш-Шабоб” 2004 йилда Сомалида тузилган террор ташкилоти ҳисобланади. 2008 йилдан бери у терактлар уюштирмоқда. 2010 йилга келиб, ушбу ташкилот кенг ҳудудларни назорат қила бошлаган. 2011 йилнинг ёзида гуруҳ ҳукумат ва унинг иттифоқчиларига қарши партизан тактикасига ўтган. 2012 йил февралида гуруҳ етакчиларидан бири жангарилар “Ал-Қоида” террорчилик тармоғига қўшилганини маълум қилган. Турли ҳисоб-китобларга кўра, “Аш-Шабоб” аъзоларининг умумий сони 10 минг нафарни ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, “Аш-Шабоб” террор ташкилоти мамлакатда тез-тез худди шундай портлашлар содир этади. Жорий йилнинг июнь ойида ҳам ташкилот Сомалининг Қуйи Шабелле провинциясида портлаш амалга оширганди. Оқибатда 25 бола ҳалок бўлган.