Солиқ органларининг жавобгарлиги кучайтирилади
Жамият
−
03 Декабрь 2019
5165Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 26 ноябрда ўтказилган мажлисида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси концептуал жиҳатдан биринчи ўқишда маъқулланган эди.
Айни пайтда парламент қуйи палатасининг барча қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида ҳамда ишчи гуруҳларда мазкур қонун лойиҳаси кенг муҳокамада моддама-модда кўриб чиқилмоқда.
Кодекс лойиҳасида асосий эътибор солиқ қонунчилигини максимал даражада соддалаштиришга, зиддиятлар ва тушунмовчиликларни бартараф этишга, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини химоя қилишга қаратилган бўлса, солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланган ҳолда, уларнинг жавобгарлиги ҳам кучайтирилмоқда.
Ана шундай муҳим ўзгаришлардан бири бу ортиқча тўланган солиқ суммаларини ўз вақтида қайтарилмагани ёки солиқ суммалари сўзсиз тартибда асоссиз ундирилгани учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида бюджетдан солиқ тўловчиларга фоиз тўлаш йўли билан солиқ органларининг жавобгарлигини кучайтиришдир.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кодекс лойиҳасида асосий воситалар объектлари, шу жумладан, кўчмас мулк объектлари харид қилинганда (барпо этилганда) қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) бирйўла ҳисобга олинишини назарда тутувчи тартиб жорий этилиши билан солиқни тўлаш тартиблар ҳам соддалаштирилмоқда. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тизими тубдан ўзгартирилди. Яъни, батафсил камерал текширув ўтказилганидан кейин ҚҚС бўйича “манфий” қолдиқ суммасини қайтариш ҳуқуқи тақдим этилади.
Парламент қуйи палатасида янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан депутатларнинг муҳокамаси қизғин давом этмоқда.
LiveБарчаси