Солиқ органларининг 224 ходими маъмурий, Транспорт вазирлигининг 8 ходими жиноий жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
02 Март 2022
79072021 йилда Бизнес-омбудсман томонидан солиқ органларида 238 қонунбузилиш ҳолатлари қайд этилган бўлиб, ушбу ҳолатлар бўйича 224 кишига маъмурий иш қўзғатилган. Қолаверса, Транспорт вазирлиги идораларининг 8 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Бизнес-омбудсмандан QALAMPIR.UZ’га хабар берилди.
Маълум қилинишича, Бизнес-омбудсман томонидан 2021 йилда тадбиркорлар фаолиятида текширишлар ўтказишнинг қонунийлиги мониторинги натижаларига кўра аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича назорат қилувчи органларининг рўйхати тузилди. Аниқланган ҳолатлар бўйича, Бизнес-омбудсман томонидан маъмурий баённомалар тузилган, назорат органлари раҳбарларига тақдимномалар киритилган, шунингдек, жиноят иши қўзғатиш бўйича ҳам таклифлар киритилган.
2021 йилда Бизнес-омбудсман томонидан аниқланган энг кўп қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган назорат қилувчи органлар рўйхати:
• солиқ органлари 238 та;
• Агроинспекция 167 та;
• Экологияни муҳофаза қилиш қўмитаси 166 та;
• Транспорт вазирлиги 129 та;
• Ўсимликлар карантини инспекцияси 120 та;
• санитария-эпидемиология хизмати 104 та;
• бошқа назорат органлари 310.
2021 йилда аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жавобгарликка тортилган ходим сони энг кўп бўлган назорат органи:
• солиқ органлари 224 нафари;
• Экологияни муҳофаза қилиш қўмитаси 133 нафари;
• Транспорт вазирлиги 103 нафари;
• Агроинспекция 94 нафари;
• Санитария-эпидемиология хизмати 92 нафари;
• Ўсимликлар карантини инспекцияси 84 нафари;
• бошқа назорат органлари 176 нафари.
Таъкидланишича, 2021 йилда Бизнес-омбудсман томонидан Транспорт вазирлиги идораларининг ҳуқуқбузар мансабдор шахсларини жиноий жавобгарликка ҳам тортиш бўйича прокуратура органларига 8 та таклиф киритилган ва ушбу ҳолатлар бўйича тегишли тартибда жавобгарлик масалаласи кўриб чиқилган.
Шунингдек, Бизнес-омбудсманнинг таклифига асосан Транспорт вазирлиги идораларининг 8 нафар ҳуқуқбузар мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шу билан бирга, 19 нафар назорат органи раҳбарига 55 та тақдимнома киритилиши натижасида ҳуқуқбузарлар интизомий жавобгарликка тортилди ёки ҳатто эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилдан бошлаб Бизнес-омбудсманга 9 турдаги ҳуқуқбузарликлар, жумладан, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ва текширишлар ўтказиш тартибини бузиш бўйича маъмурий ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган. Шуни таъкидлаш керакки, ушбу тоифадаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималар базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 дан 80 бараваригача миқдорида белгиланган.
LiveБарчаси