Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади
Жамият
−
16 Январь
9178Солиқ қўмитаси қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигидаги 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Билдирилишича, бу йил иқтисодий комплекс раҳбарлари ва барча давлат корхоналари учун таннархни қисқартириш ва самарадорлик йили бўлади. Бундан буён, саноатда қўллаб-қувватлаш механизмлари биринчи галда юқори қўшилган қиймат яратадиган ва бозори бор маҳсулотлар учун берилади.
Йиғилишда масъулларга 2024 йилда қўшилган қийматни 45 фоиздан ошириш, таннархни 15 фоизга камайтириш, умуман, саноатда 7 фоиз ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбир тасдиқлаб, амалга ошириш топширилган.
Шунингдек, йирик тармоқларда таннархни 20 триллион сўмга, дебитор қарздорликни 8 триллион сўмга камайтириш зарурлиги қайд этилган.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлигига ҳар ойда камида 2 тадан тармоқни таҳлил қилиб, қандай қилиб таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ва меҳнат унумдорлигини ошириш ҳамда янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини кўрсатиб бериш вазифаси қўйилди.
Умуман, жорий йилда иқтисодиётда самарадорликни ошириш ҳисобига ялпи ички маҳсулотнинг камида 6 фоиз ўсишини таъминлаш иқтисодий комплекс раҳбариятининг асосий вазифаси этиб белгиланди.
Йиғилишда молиявий интизомни кучайтириб, 2024 йилда бюджет дефицитини 4 фоиздан оширмаслик зарурлиги таъкидланган.
Ўтган йили кўплаб давлат корхоналари дивиденд ва солиқ тўловлари бўйича бюджетга 8 триллион сўм тушумни таъминлай олмагани кўрсатиб ўтилиб, ҳудудлар раҳбарлари ажратилган бюджет ссудалари қайтарилмаётгани ҳолатлари бўйича қатъий чоралар кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Видеоселекторда Сирдарё ва Жиззахда солиқ тушумлари 20 фоиз ўсган бўлса, Хоразм, Бухоро ва Қашқадарёда бу кўрсаткич 7 фоизга ҳам етмагани танқид қилинган. Масалан, юридик шахс мақомидаги 18 мингта овқатланиш корхонасидан атиги 2 минг 300 таси ҚҚС тўловчи ҳисобланади. Сабаби, улар товар айланмасини 1 миллиард сўмдан оширмаслик учун битта ошхонага 3-4 тадан фирма очиб қўйган.
Бундай ҳолатлар бўйича маҳалладаги солиқчи, туман солиқ бошлиқлари ва ўринбосарларининг иши сустлиги кўрсатиб ўтилган. Умуман, йиғилишда солиқ тизими ва солиқчилар фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш вақти келгани таъкидланган.
Жумладан, 40 мингта бюджет ташкилоти билан ишлаш вазифаси тумандан Солиқ қўмитасида янги ташкил қилинадиган Бюджет ташкилотлари инспекциясига ўтказилади. Ушбу Инспекция тўлиқ рақамлашган бўлади ва Ғазначилик электрон тизимига интеграция қилинади.
Шу каби солиқ қарздорлиги билан ишлаш бўйича ҳам қўмита қошида Солиқ қарзини ундириш инспекцияси ташкил этилади. Унга Мажбурий ижро бюросида мавжуд ваколатлар берилади.
Бунинг ҳисобига, туманлардаги қўшимча 200 нафар солиқчини "маҳаллабай" ишлаш тизимига ўтказиш имкони бўлади. Республика солиқ тушумининг 50 фоизини берадиган 80 та энг йирик корхона ва 35 та тижорат банки билан ишлайдиган алоҳида тизим бўлади.
Бунинг учун Йирик солиқ тўловчилар бўйича инспекция таркибида янги тузилма ташкил қилиниб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан бевосита ишлайди.
LiveБарчаси