Солиқчиларнинг пуллари энди Ўзбекистонга сарфланмайди – АҚШ Меҳнат вазири (видео)
Олам
−
24 Март
23844Америка Қўшма Штатлари Меҳнат департаменти Ўзбекистон пахта саноатида “шаффофликни ошириш” учун ажратилган миллионлаб доллар пул бошқа ажратилмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Меҳнат вазири Лори Чавес-ДеРемер 21 март куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида тегишли видеомурожаатини эълон қилди.
У ўзининг видеонутқида АҚШ охирги дастурларга 38 миллион долларидан кўпроқ маблағ ажратгани ва бундан ҳатто америкалик солиқ тўловчиларнинг хабари бўлмаганидан ёзғирди.
“Ўтган ҳафта Департамент 38 миллион доллардан кўпроқ маблағни тежаб, бир нечта хорижий ёрдам грантларини тўхтатди. Ишончим комилки, сиз машаққат билан ишлаб топган солиқ пулларингиз Ўзбекистон пахта саноатида шаффофлик ва жавобгарликни ошириш, Бразилия ва Колумбияда иқлим ўзгариши бўйича дастурлар билан боғлиқ сиёсатни илгари суриш, Индонезия ва Гватемалада жамоавий битимларни қўллаб-қувватлаш, Конго Демократик Республикасида меҳнат стандартлари бўйича тараққиётни назорат қилиш каби ишларга сарфланаётганини ҳам билмас эдингиз”, деди Лори Чавес-ДеРемер.
Шу сабабли Меҳнат вазири АҚШ Президенти Дональд Трамп илгари сураётган сиёсатни қўллаб-қувватлаб, ортиқ бошқа мамлакатларнинг “боши силанмаслигини” билдирган.
“Биринчи кундан мен америкалик ишчиларни биринчи ўринга қўйиш Меҳнат департаментида бизнинг устувор вазифамиз бўлишига ваъда бердим. Президент Трампнинг кўрсатмаси билан биз ўз вазифамизни бажаришда вақтни беҳуда сарфламадик. Оддий қилиб айтганда, биз Американи охирги ўринга қўядиган дастурларни йўқ қиляпмиз. Мен Меҳнат департаментидаги жамоамга пулингизни тежаш учун кўпроқ имкониятларни аниқлашни буюрдим. Мен исрофгарчилик, фирибгарлик ва суиистеъмоллардан холос бўлиш орқали америкалик ишчини биринчи ўринга қўйиш учун курашишда давом этаман ва бу долларларни ишчи кучимизга қайтарилишини таъминлайман”, дея ваъда берди АҚШ Меҳнат вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп “Озодлик” ва “Америка овози”ни назорат қилувчи агентликни тугатишни буюрганди. Бунга жавобан ҳар икки оммавий ахборот воситаси Трамп маъмуриятини судга берган.
LiveБарчаси