Солиқчилар ОАВ билан очиқ ишлаши керак – Шавкат Мирзиёев
Жамият
−
16 Март 2022
4362Агар тадбиркор янгича солиқ ҳисоботини, ўзгаришларни билмаса, унга жазо бериш керак эмас, тўғри йўлни ўргатиш, ишонтириш керак. Бу ҳақда бугун, 16 март куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Давлат солиқ қўмитасига қилган ташрифида таъкидлади.
“Фақат биз тўғри қиляпмиз, деб юришимиз нотўғри. Нега энди одамлар норози бўляпти деб улардан хафа бўлишимиз керак? Энг катта муаммоингиз - тушунтириб бермаганингиз. Бу нотўғри. Солиқ органидаги барча даражадаги раҳбарлар тадбиркорлар, одамлар билан тез-тез учрашиб, муаммоларини эшитиши, тушунмовчиликларнинг олдини олиши, ижтимоий тармоқларда, ОАВда керакли ахборотни бериши, ўргатиши ва яқин кўмакчиси бўлиши керак”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев солиқ тизимида ишлаётган 200 нафар мутахассисни Туркия, Корея ва бошқа давлатларда ўқитиш ва малакасини ошириш бўйича тезроқ рўйхатни шакллантириш ҳақида топшириқ берган.
“Бугунги солиқчилар 3 йил олдинги солиқчилар эмас. Замон ҳам ўзгарди, булар ҳам ўзгарди: 5 йилда биз мутлақо янги солиқ тизимини яратдик. 2020 йилда кўп муҳокамалардан сўнг, биз бугунги Ўзбекистонимизга муносиб бўлган янги Солиқ Кодексини қабул қилдик. 13 тадан 9 тага солиқ турлари камайтирилди. Мулк солиғи 5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. ҚҚС 20 фоиздан 15 фоизга тушди. 2023 йил 12 фоизга туширишимиз керак. Бунинг учун кўп иш қилишимиз керак. Одамлар қачон биздан рози бўлади? Солиқ юки камайиб, даромадларимиз ошиб борса, рози бўлади”, дей таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев 17 январ куни бўлиб ўтган Матбуот анжуманида сўз ўйини қилиб, савол беришга чоғланган журналистга “халқ номидан гапириш ҳуқуқи йўқлиги”ни айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь