Сохта пулнинг иси чиқди
Жамият
−
18 Январь 2020
11400Жорий йилнинг 13 январь куни “Чинор” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган Оҳангарон тумани ИИБ ЙПХ ходимлари томонидан икки йигитдан 1,5 минг долларга яқин қалбаки банкнотлар топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.
ЙПХ ходимлари Балиқчи туманида яшовчи фуқаро 33 ёшли У.М. бошқарувидаги Nexia-2 русумли автомобилни текширилган. Натижада 22 ёшли йўловчи И.С.нинг ёнидан 1 (бир) дона 100 АҚШ доллари ва 2 (икки) дона 50 АҚШ доллари купюрасидаги ҳамда 23 ёшли Т.Х.нинг ёнидан 21 (йигирма бир) дона 50 АҚШ доллари ва 2 (икки) дона 100 АҚШ доллари купюрасидаги пуллари борлиги аниқланган.
Умумий қиймати 1450 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар шубҳа туғдирганлиги сабабли текшириб кўришлик учун ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Суд-техник экспертиза хулосасида, И.С. ва Т.Х.лардан олинган 1.450 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар қалбаки эканлиги ва АҚШда ишлаб чиқарилган номинал пул купюрасига мос келмаслиги қайд этилган.
Ҳолат юзасидан Оҳангарон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 2-қисми “в” банди (бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда У.М. ва Т.Х.лар процессуал тартибда ушланганлар.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.