Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини жазирамадан сақланиши учун тавсиялар берди
Саломатлик 29 Май 18:03 1122
image

Ўзбекистонга жазирама ёз фасли кириб келмоқда. Маълумки, бу фаслда ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шундай вазиятларда инсонлар салқин жойда ҳордиқ чиқаришади, офтоб урмаслиги учун турли усулларни қўллай бошлашади. Хўш, иссиқ ҳарорат таъсиридан қандай сақланишимиз, бу мавсумда қандай кийинишимиз ва овқатланишимиз лозим? Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирилиги қуйидагиларни маълум қилди.

Вазият назоратимизда бўлади

Ёз фаслининг бошланиши, айниқса, энг иссиқ давр “чилла”нинг кириб келиши мамлакат аҳолиси учун бироз ноқулайликларни келтириб чиқаради. Боиси серқуёш ўлкамизнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, жанубий вилоятларда +45, +50 даражагача етади.

Юртимиз аҳолиси бундай аномал иссиқ кунларида зарурат сезганда республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ва 180 га яқин туман ва шаҳар бўлимлари хамда 2460 та тез тиббий ёрдам бригадалари орқали туну кун тез, сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин. Мазкур даволаш муассасалари малакали мутахассислар ва зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида “Ишонч телефон”лари фаолият кўрсатмоқда.

Аввало бошни асранг!

Таъкидлаш жоизки, жазираманинг бундай кунларида, аввало, бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамиятга эга. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш каби ҳолатлар кузатилиши мумкин.

Нима танаввул қилган маъқул?

Таббийки, иссиқ кунларда кўп миқдорда сув ичиш организм фаолиятини яхши ишлашга ва сув-туз балансини меъёрлаштиришга ёрдам беради. Аммо бунда организмнинг сув танқислигини тўлдириш учун газланган ёки нектар сув эмас, аксинча, оддий ичимлик сувини истеъмол қилиш керак. Шунингдек, иссиқ кунда ёғли гўшт маҳсулотлар истеъмолини камайтириб, енгил ҳазм бўлувчи таомлар истеъмолини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, мева ва сабзавотлар ҳам организмда яхши сингиб, ички аъзолар фаолиятини нормаллаштиришга ёрдам беради.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ёз кунларида хиёбон ва кўча ён атрофларида қўлбола усулларда тайёрланиб, истеъмол учун чиқарилган турли шарбат, айрон, гўжа ҳамда шу турдаги маҳсулотларни харид қилмаган маъқул. Боиси кун давомида қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқлилик белгиси мавжуд бўлмаган бу турдаги маҳсулотлар саломатлик учун ўта хавфли бўлиб, турли нохуш вазиятларни келтириб чиқариши мумкин.

Қандай кийиниш керак?

Ёз кунлари табиий матодан тикилган, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган ҳамда кенг тикилган кийимларни танлаш мақсадга мувофиқ. Чунки улар терини нафас олишига имкон яратади ҳамда тана ҳароратининг кўтарилиб кетишига тўсқинлик қилади. Қолаверса, жазирама кунда бош кийим кийиб юриш ҳам мақсадга мувофиқ.

Туш пайтида кўчага чиқманг!

Маълумки, қуёш нури 12:00 дан 1600 гача жуда ҳам фаол ҳолатда бўлади. Шунинг учун бу вақт оралиғида кўчага чиқмаган маъқул. Аммо вазият келиб чиқиб, шу вақт оралиғида ташқарига чиқиш тўғри келса, тананинг очиқ жойларини қуёш нуридан сақлашга ҳаракат қилиш даркор.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 28
Рейтинг: 2.7