Собиқ вазирнинг хотини ўлдирилиши бўйича 12 хил экспертиза тайинлангани очиқланди
Олам
−
21 Декабрь 2023
18701Аввалроқ, Қозоғистон Республикасининг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўз рафиқасини ўлдиришда гумонланиб, ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эдик. Аёлнинг ўлдирилиши бўйича 12 хил экспертиза тайинлагани очиқланди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги расмий вакили Талгат Уали маълум қилди.
Талгат Уали жиноят иши доирасида Куандик Бишимбаевнинг рафиқаси Салтанат Нукенованинг жасадини экспертизадан ўтказиш бўйича материаллар келиб тушганини тасдиқлаган.
“Жиноят иши доирасида 12 та экспертиза тайинланган бўлиб, улардан 10 таси аллақачон ўтказилган, битта экспертиза шу ҳафта якунланади”, дея қўшимча қилган у.
Шу билан бирга, у яқинда тайинланган экспертиза қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўтказилишини маълум қилган.
"Қонунда 30 календарь куни белгиланган, шу муддат ичида экспертиза амалга оширилади", дейди Талгат Уали.
Мамлакат Ички ишлар вазири ўринбосари Марат Кожаевга кўра, тергов тез орада якунланиши керак.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бишимбаев умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь