Собиқ вазирни ҳибсга олиш муддати узайтирилди
Олам
−
12 Январь
10646Турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдирганликда гумонланаётган Қозоғистон собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг ҳибсга олиш муддати 2024 йил 9 мартгача узайтирилди. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
“2024 йил 9 январда Остона шаҳар ихтисослаштирилган туманлараро тергов суди гумонланувчи Бишимбаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини 2024 йил 9 мартгача узайтиришга рухсат берди”, дейилади Остона шаҳар суди хабарида.
У 2023 йилнинг ноябрида ҳибсга олинган эди.
Бишимбаевга нисбатан Жиноят кодексининг 99-моддаси 2-қисми 5-банди – “Ўта шафқатсизлик билан содир этилган қотиллик” бўйича иш олиб борилмоқда. Ушбу моддада мол-мулки мусодара қилинган ёки мусодара қилинмаган ҳолда 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган.
Аввалроқ Нукеновалар оиласи манфаатларини ҳимоя қилган адвокат Жанна Ўразбахова аёлнинг ўлдирилиши бўйича тергов якунланганини маълум қилганди.
Салтанат Нукенова Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлиб, 31 ёшда эди. Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ жисм билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғриликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ишни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев шахсий назоратига олган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь