Собиқ Президент ҳам Америка визасига муҳтож бўлди

Олам

image

Бразилиянинг собиқ президенти Жаир Болсонаро олти ойлик АҚШ сайёҳлик визаси учун мурожаат қилди. Бу ҳақда BBC нашри хабар берди.

Қайд этилишича, сайловларда мағлубиятга учраган Болсонаро 30 декабрдан бери АҚШнинг Флорида штатида яшаб келмоқда. АҚШга дипломатлар ва давлат раҳбарлари учун бериладиган А-1 визаси билан борган Болсонаронинг мамлакатда қолиш муддати 30 кундан кейин тугайди. Шунинг учун у мамлакатда узоқроқ қолиш мақсадида B1/B2 сайёҳлик визасига ариза топширган.

Собиқ президентнинг адвокати Фелипe Александрнинг айтишича, умрининг 34 йилини давлат хизматига бағишлаган Болсонаро бир оз дам олишни хоҳлайди.

“Жаноб Болсонаро кейинги қадами нима бўлишини ҳал қилишдан олдин бир неча ой давомида Америка Қўшма Штатларида сайёҳ бўлишдан завқланишга умид қилмоқда”, деди Фелипe Александр.

Бироқ Бразилияда шу ой бошида тартибсизликлар содир бўлгани ва намойишчилар муҳим ҳукумат биноларига бостириб кирганидан кейин унга қарши тергов ҳаракати бошланган. Болсонаро тартибсизликлар учун афсусдалигини билдирган, аммо бу ишга ўз алоқаси борлигини рад этган. Бунга қарамасдан, Бразилияда Болсонаронинг сайловлар сохталаштирилгани ҳақидаги асоссиз даъволар туфайли намойишлар авж олгани айтилмоқда.

Вашингтондаги демократ қонунчилар ҳам Болсонаронинг АҚШда қолишини истамаяпти. Шу ой бошида ўнлаб конгрессменлар президент Жо Байденга мактуб юбориб, ундан Болсонаро эга бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай дипломатик визани бекор қилишни сўраган.

“Америка Қўшма Штатлари унга ёки демократик институтларга қарши бундай зўравонликни илҳомлантирган ҳар қандай авторитарга бошпана бермаслиги керак”, деб ёзган конгрессменлар.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Бразилиядаги намойишларни қўллаб қувватлаган шахсларнинг аккаунтларини блокламагани учун Telegram жаримага тортилган эди.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг