Собиқ футболчи гўзаллик танловида ҳакам бўлади
Спорт
−
10 Ноябрь 1498 2 дақиқа
Англиянинг “Челси” жамоасининг собиқ юлдузи Клод Макелеле бу йилги “Олам гўзали” (Miss Universe 2025) танловида ҳакам сифатида иштирок этади. Бу ҳақда “talk Sport” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Макелеле жорий йилнинг 21 ноябрь куни Таиландда ўтказиладиган “Miss Universe 2025” танловида ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида қатнашади. “Стамфорд Бридж”да беш йил давомида тўп суриб, икки бор Англия Премьер-лигаси чемпионлигини қўлга киритган Макелеле энди футболдан ташқарида ҳам ўзини синаб кўрмоқда. 2011 йилда фаолиятини якунлагандан сўнг мураббийлик фаолиятини бошлаган франциялик собиқ ярим ҳимоячи “Daily Star” нашрига берган интервьюсида янги тажриба ҳақида шундай деди:
“Менимча, ҳаётда кўп тажриба орттириш керак. Менга бу имкониятни таклиф қилишди. Нега йўқ дейишим керак? Биз ҳаммамиз аёллардан туғилганмиз, уларни қадрлаймиз ва гўзалликни кўришни яхши кўрамиз. Бу менинг бу соҳадаги биринчи тажрибам бўлади”, дейди Макелеле.
52 ёшли Макелеле футбол тарихида ярим ҳимоячи сифатида ўз ўрнини қолдирган. У фаолияти давомида “Реал Мадрид”, “Челси”, “Марсел”, ПСЖ, “Нант” ва “Сельта Виго” жамоаларида ўйнаган. Франция терма жамоаси сафида 71 та ўйин ўтказиб, 2006 йилги Жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этган.
Малумот учун, Макелеле футболчилик фаолиятидан сўнг мураббий сифатида “Бастия” (Франция) ва “Эйпен” (Белгия) клубларини бошқарган, шунингдек, у “Суонси”да Пол Клементнинг ёрдамчиси сифатида ишлаган.
Live
Барчаси