“Снос”га тушган уйнинг нархи қандай аниқланади?

Жамият

Пойтахт Тошкент кўчаларини кезар экансиз, ҳар томонда қурилиш ишлари олиб борилаётганига кўзингиз тушади. Бугун нафақат пойтахт балки, барча вилоят ва шаҳар марказларида қурилиш ва қайта таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Аммо бу қурилишлар кенг кўламли “снос” кампанияси билан бирга олиб борилмоқда.

Фуқаролар орасида “снос”га тушган мулк учун тўланаётган компенсация бузилаётган мулкнинг қийматига нисбатан камлиги ҳақида гап-сўзлар тарқалмоқда. Фуқаролар орасида кенг муҳокамага сабаб бўлаётган мазкур ҳолат қанчалик тўғри? Ўзбекистон Республикаси Aдлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Нодир Тиллаев ушбу ҳолатга изоҳ берди.

“Биласизми, бозор шундай нарсаки, унда талаб бор, таклиф бор. Барча бозор механизмини қарайдиган бўлсак, товар ҳар доим ҳам сотувчи томонидан таклиф қилинган нархда сотилмайди. Бозорда муайян пайтда нарх кўтарилади ва пасаяди. Бирор шахс [ўз мулкини] бошқача қийматда деб ўйлаши билан бозорда у нархда ҳеч ким сотиб олмаслиги мумкин-ку. 

Сиз мулкингизга нарх қўйишингиз мумкин. Aйтайлик 500 млн ёки 1 млрд, бу сизнинг ҳуқуқингиз. Лекин уни шу нархда кимдир сотиб оладими? Қачонки ўша нархда сотиб олинса, бозор қиймати пайдо бўлади. Яъни, қўйилган нархда мулк сотиб олинмагунча, у бозор қиймати бўлмайди. Масалан, йирик нарх қўйдингиз, сотилмагандан кейин, албатта, нархни туширасиз. Мулкингизга харидор чиқиб, у сиз айтган нархга сотиб олиш учун рози бўлса ва олди-сотди амалга оширилса, шундан кейингина бозор қиймати пайдо бўлади”, дейди Нодир Тиллаев. 

Тиллаевнинг айтишича, кўчмас мулкни баҳолашнинг ўзига яраша методлари бор. Яъни бир қанча бандлардан иборат солиштириш методологияси мавжуд. Масалан, муайян бир жойда бозор қиймати шаклланмаган бўлса, аммо ўша ерга яқинроқ жойда шаклланган бозор қиймати мавжуд бўлса, бундай ҳолда мулкларни солиштириш орқали унинг қиймати ҳосил қилинади. У сўзида давом этаркан, сарфланган маблағ орқали ҳам кўчмас мулкнинг бозор қиймати ҳосил қилинишини маълум қилди.

“Яна бир нарса бор, сарфланган маблағларда келиб чиқиб қийматни белгилаш. Шундай жойлар борки, у ерда бозор қиймати шаклланмаган, уйларнинг олди-сотдиси амалга оширилмаган бўлиши мумкин. Бозор қиймати билан солиштириш йўли орқали нархни белгилаш имкони бўлмаган пайтда сарфланган харажатларни ҳисоблаш натижасида кўчмас мулкнинг баҳоси чиқарилади. Содда қилиб айтганимизда эса нечта ғишт ишлатилган, “фундамент”га қанча цемент кетган, қанча арматура, қанча тош ишлатилган ва бугун уларнинг бозордаги нархи қанчалиги ҳисоблаб чиқилади. Бу эса фуқаронинг ўйлаган нархидан паст бўлиши ҳам, юқори бўлиши ҳам мумкин”, дейди Тиллаев.

Aввалроқ, эндиликда уйи “снос”га тушган фуқароларга фақатгина кўчмас мулкнинг қийматига тенг маблағ берилиши ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

172

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг