Словакия Украинага электр энергияси етказиб беришда давом этади

Олам

image

Словакия Украинани электр энергияси билан таъминлашда давом этади. Бу ҳақда Чехиянинг CTK ахборот агентлигига кеча, 3 январь куни Словакиядаги электр тизимлари давлат оператори SEPS хабар берди.

Компания Украинанинг “Укрэнерго” компанияси билан аввал тузилган шартнома шартларини бажариш ниятида эканлинини маълум қилган. Қайд этилишича, Киев Словакиядан етказиб берилган электр энергиясидан Россия армиясининг ҳужумлари оқибатида етказилган электр таъминотидаги узилишларни қоплаш учун фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 январь кунидан эътиборан “Газпром” Украина орқали газ етказиб беришни тўхтатди. Компания 2019 йил 30 декабрда “Газпром” ва Украинанинг “Нафтогаз” компанияси ўртасида Россия газини ташишни ташкил этиш бўйича имзоланган шартнома ва икки мамлакат GТS операторлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганини эслатди. Украина Энергетика вазирлигига кўра, Россия газининг Украина орқали транзити “миллий хавфсизлик манфаатлари учун” тўхтатилган. “Reuters” хабарига кўра, Украина транзитини тўхтатиш Молдовага энг оғир таъсир қилади. Словакия, Чехия ва Австрия каби Россия газининг бошқа харидорлари муқобил етказиб бериш йўлларини ўрнатган. Венгрия Россия газини Турк оқими газ қувури орқали олишда давом этади.

Словакия Бош вазири Роберт Фицо Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатишни Владимир Зеленский томонидан уюштирилган “саботаж” деб атаганди ва украиналик қочқинларга ёрдамни камайтириш билан таҳдид қилганди. Зеленский эса Россия газининг Украина орқали транзитини тўхтатиш Владимир Путиннинг энг катта мағлубиятларидан бири эканини айтди. Украина Президенти “шаффоф энергетика сиёсати ўрнига Москва билан мафия схемаларини афзал кўраётган баъзи европалик сиёсатчиларнинг истерияларига дош беришга” чақирган.


Мақола муаллифи

Теглар

электр энергияси Украина Словакия “Газпром”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг