Скалони муҳим қарорларни Мессисиз қабул қилмаслигини тан олди

Спорт

image

Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Лионель Скалони саккиз карра “Олтин тўп” соҳиби Лионель Месси билан мунтазам равишда маслаҳатлашишини ва жамоага оид муҳим қарорларни унинг фикрисиз қабул қилмаслигини тан олди. Бу ҳақда Скалони “Marca” нашрига берган интервьюсида сўз очди. 

Лионель Скалони 2018 йилдан буён Аргентина терма жамоасини бошқариб келмоқда. Унинг раҳбарлиги остида жамоа икки марта Америка кубоги (2021, 2024 йиллар), Финалиссима (2022 йил) ва Жаҳон чемпионати (2022 йил) ғолиби бўлган.

“Мен қарор қабул қилувчиман, деб айтишнинг маъноси йўқ. Месси билан доимо барча масалаларни муҳокама қиламиз. Мен унинг фикрини сўрайман, ўзини қандай ҳис қилаётганини билмоқчи бўламан ва биргаликда энг тўғри қарорга келишга ҳаракат қиламиз. Мен бошлиқман, деб айтишнинг ҳожати йўқ”, дейди Скалони.

Мураббий шунингдек, Мессининг жамоадаги аҳамияти ҳақида ҳам тўхталди.

“Менимча, бу табиий ҳолат. Чунки у ҳатто қийин пайтларда ҳам жамоага жуда кўп нарса бера олади. Месси майдонда бўлса, жамоа кучлироқ кўринади. У исталган пайтда голли вазият яратиш қобилиятига эга”, дейди у.

Айни пайтда 38 ёшда бўлган Лионель Месси Испания чемпионати, “Барселона” ҳамда Аргентина терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади.

Месси, шунингдек, 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Аргентина терма жамоаси таркибига чақирилган. Амалдаги чемпионлар мундиалда “Ж” гуруҳида Жазоир, Австрия ва Иордания терма жамоаларига қарши баҳс олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Лионель Месси Аргентина Лионель Скалони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг