“Сиз ҳеч қачон ғарблик бўла олмайсиз”. Хитой қўшниларини ўзи билан яқинлашишга чақирди
Олам
−
05 Июль 2023
8020Хитой бош дипломати Ван И Япония ва Жанубий Кореяни Пекин билан яқинлашишга чақирди. Бу ҳақда у халқаро уч томонлама ҳамкорлик форумининг очилиш маросимида сўз очди.
“Сочингизни қандай бўяшингиздан, бурнингизнинг шаклини қандай ўзгартиришингиздан қатъий назар, сиз ҳеч қачон европалик ёки америкалик бўла олмайсиз, ҳеч қачон Ғарбнинг бир қисми бўла олмайсиз”, деган у форумда.
Шунингдек, Ван И тадбир иштирокчиларига келиб-чиқиши бирлигини эслатган ва уларни Осиёни биргаликда жонлантиришга чақирган. Дипломатнинг айтишича, бу мамлакатлар ўртасидаги кескинликни юмшатишга ёрдам беради.
Хитой дипломати минтақада Америка таъсири туфайли кескинлик кучайиб бораётганидан хавотир билдирган. Шу билан бирга Ван И америкаликларнинг ўзлари ҳам осиёликларга унчалик яхши муносабатда бўлмаслигини, чунки улар хитойликни япон ёки корейсдан ажрата олмаслигини таъкидлаган.
“Шу сабабли ғарб йўлидан воз кечиш керак. Биз илдизларимиз қаерда ётганини билишимиз зарур. Биз биргаликда гуллаб-яшнаб, дунёга фойда келтира оламиз. Минтақанинг тақдири бутунлай ўз қўлимизда. Сиз ҳеч қачон Ғарб бўлолмайсиз”, деган Ван И.
Пекинлик дипломатга кўра, минтақада ўзаро боғликлигини сақлаб қолиш, бирдамлик ва умумий барқарорлик алоҳида ўрин тутади. Акс ҳолда осиёликлар Ғарбнинг кучайиб бораётган гегемонлиги ва қўрқитишига чидаши керак бўлади.
“Агар бу тенденция ривожланишига йўл қўйилса, бу нафақат уч томонлама ҳамкорликнинг силлиқ ривожланишига жиддий тўсқинлик қилади, балки минтақадаги кескинлик ва қарама-қаршиликларни янада кучайтиради”, деган Хитой коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси Ван И.