Сийярто Украинага ёрдам бериб, урушни чўзишга қарши чиқди
Олам
−
20 Июль 2023
10378Европа Иттифоқи раҳбариятининг Украинага тўрт йил давомида ҳарбий ёрдам учун 20 миллиард евро ажратиш таклифи бу мамлакатдаги жанговар ҳаракатларни келгуси йилларда ҳам давом этишига олиб келади. Бу фикрни бугун, 20 июль куни Брюсселда Европа Иттифоқи давлатларидан келган мавқедошлари билан учрашувда иштирок этаётган Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сийярто билдирди.
Унинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жосеп Боррель Украинага тўрт йил давомида қурол етказиб беришни молиялаштириш учун 20 миллиард доллар ажратишни таклиф қилган.
“Бу амалда ҳарбий режимни йиллар давомида сақлаб қолади. Шундай экан, энди нафақат қисқа муддатда, балки узоқ муддатда ҳам Украинада тинчлик ўрнатиш ҳақида ўйлаш шарт эмас”, деган Сийярто.
Европа Иттифоқи Кенгашининг вазирлар даражасидаги йиғилиши ҳақида гапирар экан, Сийярто мажлисда унинг мавқедошлари тинчлик ҳақида гапиришни хоҳламаганини айтган.
“Европа Иттифоқи нима дейди? Тўрт йил давомида Украина уруш зонаси бўлади. Бундай таклиф ҳайратланарли. Савол шундаки, биз 20 миллиард евролик қурол-яроғ етказиб беришни молиялаштирсак, тўрт йил ичида қанча одам ҳалок бўлади?! Шу тўрт йил ичида (Закарпатье вилоятида) қанча венгер ҳалок бўлади?” деган ТИВ раҳбари.
Унинг фикрича, сўнгги 500 кун Украина можаросини жанг майдонида ҳал қилиб бўлмаслигини ва у ерга қанча кўп қурол етказилса, ўликлар шунчалик кўп бўлишини исботлаган.
“Шунинг учун биз Брюссель, Берлин, Париж ва Вашингтондан қўшни давлатимизга қурол эмас, тинчлик олиб келишларини сўраймиз”, дея хулоса қилган Сийярто.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Петер Сийярто Украинадаги урушда қатнашаётган давлатлар орасида тинчлик музокараларини бошлаш учун шартлар кундан-кунга ёмонлашаётганини айтганди.