Сиёсий тарафини айтмайман – Вазир Ўзбекистоннинг транспорт лойиҳалари ҳақида
Жамият
−
02 Ноябрь 2023
11409Бугун, 2 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар Транспорт вазирларининг 12-йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон ва ҳамкор давлатлар ўртасида транспорт ва савдо алоқаларини кенгайтириш, янги транспорт коридорларини қуриш ва мавжудларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилганларнинг фикрича, ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш керак. Бунга эса минтақалараро транспорт ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш, транзит тарифларини оптималлаштириш, халқаро юк ташиш учун шарт-шароитларни осонлаштириш каби янги лойиҳалар орқали эришиш мумкин.
Шунингдек, йиғилиш доирасида Тошкент декларацияси қабул қилинди. У транспорт соҳасини ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларини рақамлаштириш, ҳозирги ўта мураккаб геосиёсий муҳитда барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш каби қатор масалаларни қамраб олади.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов эса бу каби режаларни амалга ошириш учун бир нечта таклифларни билдириб ўтди: жумладан, Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон ва Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой транспорт йўлакларини ривожлантириш; Самарқанд аэропортига иштирокчи давлатлар ўртасида туризмни ривожлантириш бўйича ИҲТнинг минтақавий авиаҳаби мақомини бериш; ИҲТ мамлакатлари орқали юкларни транзит ташишни кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мослашувчан тариф сиёсатини қўллаш ва ташиш жараёнини осонлаштириш; E-Permit, E-TIR, E-Transit орқали товарлар ва жўнатма ҳужжатларини божхона расмийлаштирувидан ўтказиш учун тартиб-қоидаларини тўлақонли рақамлаштирилган тизимга ўтказиш.
Шунингдек, тадбир давомида мамлакатлар ўзаро ҳамкорликда шу вақт қадар эришилган бир қанча ютуқлар, транспорт тизимида амалга оширилётган ва оширилиши режа қилинётган лойиҳалар ҳам таъкидлаб ўтилди.
Бироқ, бугунги ўта мураккаб геосиёсий вазиятда бу каби лойиҳаларнинг қанчалик истиқболли эканлиги ҳамда ҳамкор мамлакатларнинг лойиҳа доирасида қандай позиция сақлай олишини ҳам унутмаслик керак. Мисол учун, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо мамлакатлар доирасида амалга оширилётган “Бир Макон – Бир Йўл” лойиҳасига ташкилотнинг бошқа бир аъзо давлати –Ҳиндистон ўз қаршилигини билдириб келмоқда. Бунга сабаб эса, лойиҳа бир қисмининг қурилиши Ҳиндистон ва Покистон ўртасида доимий зиддиятлар гирдобида бўлиб келган Кашмирдан ўтиши. Ҳиндистон буни ўз суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлигига нисбатан таҳдид деб атайди. Ташкилотнинг доимий аъзоси Россия ҳамда унга яқиндагина қўшилган Эроннинг санкциялар остида эканлиги эса вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин. Шу сабабдан, QALAMPIR.UZ Ўзбекистан Транспорт вазиридан Ўзбекистон ШҲТга ҳали-ҳамон денгизга олиб чиқувчи ягона йўл сифатида қарайдими ёки мамлакат аллақачон бошқа йўлларни излаяптими, дея микрофон тутдик. Вазир эса жавобни қисқа, лўнда, аммо ноаниқ қилди.
“Мен битта гап айтаман: сиёсий тарафини айтмайман, мен сизга транспортни мутасадди вазири сифатида айтаман. Ўзбекистон республикаси учун альтернатив коридор сифатида ишлатиш мумкин бўлган барча имкониятлардан фойдаланиш керак. Бу Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатлари бўладими ёки бугунгига ўхшаган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти аъзо давлатлари бўладими, бизнинг вазифамиз барча чегарадош бўлган мамлакатлар орқали, ўртада иштирок этадиган барча мамлакатлар, очиқ денгиз портига чиқа оладиган мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш”, дейди вазир.
Маълумот учун, дунёнинг машҳур нашри ҳисобланадиган “The Diplomat” Самарқандда бўлиб ўтган “С5+1” конференцияси ҳақидаги мақоласи сўнгида, “Марказий Осиё давлаталари вазирлари медиа тренинг курслари олиши керак, шекилли”, дея илова қилганди.
LiveБарчаси