Ситораи Моҳи Хосса саройига 28 млрдлик зарар етказилган

Маданият-санъат 19429
image

Бухородаги ХХ аср бошида қурилган Ситораи Моҳи Хосса саройида реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида меъморий обидага 28 млрд сўмлик зарар етган. Бу ҳақда “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси йиғилишида айтиб ўтилди.

Партия фракциясида “Моддий маданий мерос объектларининг муҳофаза қилиниши кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинган.

Таъкидланишича, дунёда Ўзбекистончалик моддий маданий-мерос объектларига бой мамлакатлар саноқли. Бироқ Ўзбекистончалик бу бетакрор бойликларга зарар етказган давлатлар ҳам саноқли. Хусусан, Бош прокуратура томонидан сўнгги 3 йилда 320 та моддий маданий мерос объектида амалга оширилган таъмирлаш-тиклаш ишларида кўплаб қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган. Биргина Ситораи Моҳи Хоссада реставрация ишлари нотўғри олиб борилгани натижасида унинг тарихий ва бадиий қийматига 28 млрд сўмлик зарар етказилган.

Шунингдек, тарихий объектларда илмий экспертлик кенгашининг рухсатисиз реставрация ёки таъмирлаш ишларини амалга ошириш мумкин эмаслигига қарамай, 14 та объектда рухсатсиз жами 12 млрд 454,9 млн. сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилган. 

“Буюртмачи, пудратчи, лойиҳачи, экспертиза ташкилотлари, ҳатто айрим мансабдорларнинг ўзбошимчалиги билан минг йиллик тарихга эга обидаларга тиклаб бўлмас даражада зарар етказилган.

2017-2021 йилларда бу бўйича жами 14 та жиноят иши қўзғатилган. Афсуски, энди йўқотилган ёки зарар етказилган объектларни асл ҳолида тиклаб бўлмайди”, дейилади партия хабарида.

Қайд этилишича, ушбу қонун лойиҳаси тарихий обидаларни сақлаш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини тартибга солиш мақсадида ишлаб чиқилган ва унга жазо чораларини янада кучайтиришга қаратилган нормалар киритилмоқда.

Шунингдек, мансабдор шахслар иштирокида содир этилаётган бундай жиноятларни тергов қилиш ваколатини прокуратура органлари терговчиларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Чунки таҳлилларга кўра, Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017-2021 йилларда ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича киритилган 486 та кўрсатма ва тақдимномаларнинг 179 таси бажарилмаган. Шундай бўлсада, уларни бажармаганлик учун бор-йўғи 12 нафар шахс маъмурий ва 2 нафар шахс эса интизомий жавобгарликка тортилган, холос.

Лойиҳада Маданий мерос агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармаларининг бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма ёки тақдимномаларини бажармаганлик учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 382
Рейтинг: 3.1
t
×