Сирдарёдаги паст рентабелли 25 минг гектар ерга шоли экилади
Жамият
−
25 Февраль
3109Сирдарё вилоятининг 8 та туманидаги паст рентабелли 25 минг гектар ер шоли етиштиришга ўтказилади. Бу ҳақда бугун, 25 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган Сирдарё вилояти иқтисодиётини ривожлантириш, иш ўринлари ва инвестицияларни кўпайтириш бўйича 2025 йилги режалар муҳокамаси юзасидан йиғилишида сўз боради.
Қайд этилишича, вилоятда ташаббускорлик камлиги учун саноат, савдо ва хизматлар ривожланишдан орқада қолиб кетяпти. Хусусан, Сирдарёда хизмат кўрсатиш соҳасининг республикадаги улуши энг паст. Камбағаллик даражаси 11 фоиздан кўп. 22 минг нафар фуқаро ишсиз.
Шу мақсадда Сирдарё вилоятида инвестицияларни кўпайтириб, саноат ва бизнес-муҳитни яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, шунингдек, вилоятнинг транзит салоҳиятидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
“Масалан, қарийб 900 гектар ер майдонида саноат зоналари ташкил қилиниши мўлжалланган. Бу 5 миллиард доллар инвестицияга ва 20 мингдан ортиқ янги иш ўрнига замин бўлади. Лойиҳалар Сирдарё, Ширин, Боёвут, Ховос, Мирзаобод, Гулистон, Оқолтин ва Сардобада жойлашади”, дейилади хабарда.
Вилоят географик жиҳатдан Ўзбекистоннинг марказий қисмида, бир нечта халқаро автомагистраль кесишмасида жойлашган бўлиб, бир кеча-кундузда 311 мингта транспорт воситалари ўтади. Шунга кўра, тадбиркорлар бу йўллар бўйида юзлаб савдо шохобчалари очишга тайёрлигини билдирган.
Шу каби 500 минг квадрат метр савдо-сервис майдони ташкил этиб, 50 минг одамнинг бандлигини таъминлаш имконияти бор.
8 та тумандаги паст рентабелли 25 минг гектар ер шоли етиштиришга ўтказилади. Шоличилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун маҳсулотнинг 50 фоизини экспорт қилишга рухсат берилади.
Вилоятда мингдан зиёд хонадоннинг қурилганига эллик йилдан ошган. Реновация дастури асосида, уларнинг ўрнида 15 минг хонадонли замонавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган. Бу борада Марғилон шаҳри, Дўстлик туманидаги ижобий тажрибалар ўрганилади.
Янги хонадонлар арзон бўлиши учун девелоперларга солиқ, божхона имтиёзлари берилади. Шунингдек, вилоятдаги йўл, электр, уй-жой, ирригация, боғча, мактаб ва бошқа ижтимоий объектларни янгилашга 100 миллион доллар йўналтирилади.
Гулистон шаҳрини узлуксиз ичимлик суви билан таъминлашга зарур маблағ ажратиш ва бу ишларни 2025 йил 1 июнга қадар якунлаш топширилди. Шунингдек, Гулистон ва Ширин шаҳарларда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш мақсадида уларнинг ҳудудини кенгайтириш таклифи маъқулланди.
Умуман, жорий йилда 2 миллиард доллар инвестиция жалб этиб, экспортни 500 миллион долларга етказиш вазифаси белгиланди. Бунинг натижасида 16 мингдан зиёд янги иш ўрни очилиши, камбағаллик даражаси 7,4 фоизга тушиши қайд этилди.
LiveБарчаси