Сирдарёда жабр кўрган фуқаролар Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилди

Жамият 4840

Аввалроқ, жорий йилнинг 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келгани ҳақида хабар берилганди. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.

Фавқулодда ҳолат сабаб ҳудуд яқинидаги қишлоқ аҳолиси хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. Жабр кўрган аҳолини Сирдарё вилоятининг Сардобага ёндош туманлари билан бирга қўшни Жиззах вилояти ҳам қабул қилиб олган. 

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманидаги “Беруний”, “Пахтаобод”, “Балиқчи”, “Ҳақиқат”, “Баҳористон”, “Янгиовул” ва “Дўнгари” маҳалла фуқаролари йиғинлари аҳолиси Янгиер шаҳрига эвакуация қилинган. Сув омбори яқинидаги қишлоқ ва маҳалла аҳолиси жойларда тайёрлаб қўйилган мактаб, коллеж ва хонадонларга жойлаштирилган. Қисқа фурсатда улар учун ётоқ жойлари тайёрланиб, иссиқ овқат билан таъминланган. Эвакуация қилинган фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилган. 

Сирдарёга қўшни Жиззах вилоятидан ҳам махсус ёрдам кучлари эвакуация учун жалб этилган. Сардоба туманидаги “Қўрғонтепа”, “Дўстлик”, “Юртдош”, “Отаюрт”, “Қўйтош”, “Бирлик” маҳаллалари аҳолисининг маълум қисми Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳрига олиб келиб, жойлаштирилган. 

Шунингдек, Дўстлик туманидаги Манас, Наврўз, Қаҳрамон аҳоли пунктларига фуқаролар эвакуация қилинган. Шараф Рашидов тумани ва Жиззах шаҳрига эса фуқаролар вақтинча жойлаштирилган. 

Эслатиб ўтамиз, бугун тонгдаёқ воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев етиб бориб, аҳоли вакиллари билан учрашди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 104
Рейтинг: 3
t
×