Сирдарёда туман қурилиш бўлими бошлиғи 400 доллар пора олаётганда ушланди
3-саҳифа
−
08 Февраль 2021
4824Сирдарёда фуқарога ер майдони ажратиш тўғрисида ҳоким қарорини чиқартириб беришини айтиб, 400 АҚШ долларини пора сифатида олган туман қурилиш бўлими бошлиғи ушланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ`га ДХХ Матбуот хизмати хабар берди.
Мирзаобод тумани архитектура бўлимининг собиқ ходими маҳаллий фуқарога Сирдарё тумани “Адолат” МФЙ ҳудудидан 12 сотих ер майдонини ажратиш тўғрисида туман хокими қарорининг чиқарилиши учун керак бўладиган ҳужжатларни расмийлаштиришда ва ушбу ер майдонида қурилиши режалаштирилаётган ёрдамчи хўжалик биносининг эскиз лойиҳаси ҳужжатларини тайёрлашда ёрдам беришини айтиб, эвазига 1200 АҚШ доллари сўрайди.
Аввалига у 200 АҚШ доллари эквиваленти ҳисобида 2 млн 100 минг сўм олади, кейинроқ эса 900 АҚШ долларини олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Дастлабки суриштирув ҳаракатлари давомида, у 900 АҚШ долларининг маълум бир қисмини Сирдарё туман қурилиш бўлими бошлиғига беришини айтган. Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу мансабдор шахс қурилиши режалаштирилаётган ёрдамчи хўжалик биносининг эскиз лойиҳаси ҳужжатларини тасдиқлаб бериш ҳамда ушбу ерга эгалик қилиш ҳуқуқи бўйича туман хокимининг қарори чиқарилиши учун лозим бўлган ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Аввалроқ, Андижонда ИИБ катта терговчиси ва вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи 12 минг доллар пора олаётган вақтда ушлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси