Сирдарёда қалбаки 150 минг долларни сотишга уринган шахс ушланди
3-саҳифа
−
16 Август 3849 2 дақиқа
Сирдарё вилоятида 27 ёшли шахс қалбаки 150 минг долларни 30 минг долларга сотган вақтида ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Оқолтин туманида яшовчи 1998 йилда туғилган фуқаро қалбаки 150 минг АҚШ долларини шартли харидорга ҳақиқий 30 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Маълум бўлишича, мазкур фуқаро Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг 2024 йилнинг декабрь ойидаги ҳукми билан Жиноят кодексининг 168-(фирибгарлик) ва 176-(қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 10 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва ҳозирда жазо ўтаётган шахс ҳисобланади.
Терговга қадар текширув давомида у Қозоғистондан контрабанда йўли билан келтирилган ушбу қалбаки купюраларни Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқародан олгани аниқланган.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари доирасида унинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида ҳам қалбаки 315,5 млн сўм ва 120 минг долларни муомалага чиқариш учун сақлаб келаётган 22 ёшли шахс ушланганди.
Live
Барчаси