Сирдарёда фуқаро ЙПХ инспекторларига турли жароҳатлар етказди
Жамият
−
21 Январь 2020
6275Сирдарё вилоятида фуқаро томонидан хизмат вазифасини олиб бораётган ЙПХ инспекторларига тан жароҳатлари етказилди. Воқеа 2020 йилнинг 20 январь куни содир бўлган.
ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизматининг маълум қилишича, шу куни соат 21:30 ларда вилоятнинг Сирдарё туман ЙПХ инспекторлари Ўзбекистон шоҳ кўчасида мастлик ҳолатини аниқлаш бўйича рейд олиб боришади. Улар томонидан “Нексия” русумли 70 K 676 LA давлат рақам белгили автомобиль тўхтатилади. Аммо ҳайдовчи тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, ҳаракатни давом эттиради.
Шундан сўнг, ЙПХ катта инспекторлари ўз автомобилида “Нексия”ни кузатиб боришган. Машина Сирдарё шаҳар, “Янгиҳаёт” маҳалласидаги “Мега люкс” корхонаси ёнида тўхтатилади. Маълум бўлишича, машинанинг ҳужжатлари бўлмаган. У 1971 йилда туғилган Умаров Бахтиёр Панжиевичга тегишли бўлиб чиққан. Автомобилни Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи, 1998 йилда туғилган Ҳамроев Жамолиддин Заҳриддинович бошқараётган бўлган.
Ҳужжатлар сўралганида, йўловчилардан бири, Қашқадарё вилояти, Миришкор туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган Панжиев Жаҳонгир Бахтиёр ўғли йўловчи ўриндиғи томонидан тушиб келиб, тиззаси билан ЙПХ инспекторининг қорин қисмига тепиб, кўкрак нишонини юлиб олган.
Бошқа бир инспектор фуқарони тинчлантирмоқчи бўлган вақтида, унга ҳам фаол қаршилик кўрсатиб, унинг ҳам кўкрак нишонини юлиб олиб, бармоғини қайириб синдирган. ЙПХ инспекторлари фуқароларнинг шахсига аниқлик киритиш ва қонуний чора кўриш мақсадида Сирдарё тумани ИИБга олиб келишади. Аммо Жаҳонгир Панжиев ўзининг ҳуқуқбузарлигини яна давом эттириб, сафдорлардан бирининг юз қисмига бир маротаба калласи билан уриб, тан жароҳати етказган.
“Фуқаро Ж.Панжиев алкотестор кўригидан ўтказилганда, “алкоголь мастлик” ҳолатида эканлиги аниқланган. Ҳозирда бодикамералар хотиралари текширилиб, Сирдарё туман прокуратураси томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Сарвар Анвар ўғли
LiveБарчаси