Сирдарёда боғча боласининг овқат тиқилиб, вафот этиши ортидан жиноят иши очилди
3-саҳифа
−
12 Сентябрь
5740
Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида жойлашган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида 2 ёшли боғча тарбияланувчиси овқат тиқилиб қолиши ортидан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Мазкур ҳолат юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига ва мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани маълум қилди.
Ҳодиса юзасидан туман прокуратураси ўтказган терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббий экспертиза тайинланиб, унинг хулосасига кўра, И.С. нафас йўллари беркилиб қолиши оқибатида (обтурацион асфикция) вафот этганлиги қайд этилган.
Аниқланишича, туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул шахслари боланинг туғилганидан буён унда аниқланган камқонлик (анемия) касаллигини шу кунга қадар даволаш чораларини кўрмасдан, масъул мансабдор шахслар томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилмаган. Шу билан бирга, И.С.ни боғчага қабул қилишда боланинг умумий соғлиғи ҳақидаги маълумотнома олинмасдан ҳамда бола 3 ёшга тўлмаган бўлса-да, тарбияланувчилар сафига қабул қилинган.
Шунингдек, масъуллар томонидан болада соғлиғи билан боғлиқ содир бўлиши мумкин бўлган жараёнлар доимий назоратга олинмаган ҳамда кузатилган дастлабки тиббий симптомларни мунтазам равишда назорат қилиб борилмасдан, малакали биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилмаган.
Кеча, 11 сентябрь куни И.С.нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодекснинг 192-11-моддаси 1-қисми (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги 21-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида фавқулодда бахтсиз ҳодиса юз берганди ва 4 ёшли тарбияланувчи вафот этганди.
LiveБарчаси