Сирдарёда 13 яшар қиз уйидан қотиллик аломатлари билан топилди
3-саҳифа
−
11 Июль
13836Сирдарё вилоятининг Янгиер шаҳрида 13 яшар қиз ўзи яшаб келаётган уйнинг меҳмонхона қисмидан қотиллик аломатлари билан топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Жорий йилнинг 3 июль куни соат 19:30 лар атрофида Янгиер шаҳрининг “Шукрона” МФЙдаги уйларнинг бирида ижарада яшовчи С.М. шаҳар тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилиб, соат 19:00 атрофида ишдан яшаш хонадонига келганида уйнинг меҳмонхона қисмида 2011 йилда туғилган, 13 ёшли вояга етмаган фарзанди С.К.нинг жасади ётганини айтган. Тезкор-тергов гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилиб, у ердан бармоқ излари, 2 дона ёстиқ, 2 дона пиво спиртли ичимлигининг елим идиши, 2 дона қулф ашёвий далил тариқасида олинган.
Қизнинг мурдаси ташқи томондан кўздан кечирилганда, унинг олд пешона соҳаси чап томонида, бўйин олд соҳаси чап ва ўнг юзаси ўрта қисмида, чап сон соҳаси ўрта қисмида кўкимтир тусдаги қонталашлар ва қорин олд девори ўнг ёнбош соҳасида кўндаланг жойлашган чизиқли шилинма каби жароҳатлар борлиги аниқланган. Янгиер туманлараро суд тиббий экспертизасининг 3 июлдаги (бирламчи) 43-сонли маълумотномасида вояга етмаган С.К.нинг ўлими бўйин аъзоларининг қисилиши, бўғиш оқибатида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлганлиги қайд этилган.
Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида 31 ёшли эркак ўзи билан бирга қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаб келган аёлнинг биринчи турмушидан туғилган 3 яшар ўғлини пичоқлаб, ўлдиргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси