Сианда Мирзиёев ва Имомали Раҳмон ўртасида учрашув ўтказилди
Жамият
−
18 Май 2023
7485Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 май куни Сиань шаҳрида ўтаётган Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой саммити доирасида Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбари Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган. Етакчилар иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг 12 май куни Тошкент шаҳрида ўтган навбатдаги йиғилишининг самарали якунларини юксак баҳолаган.
Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва саноат кооперацияси лойиҳаларини, шу жумладан энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, транспорт-коммуникация ва бошқа тармоқларда илгари суриш бўйича қабул қилинган қарорларни амалда бажариш муҳимлиги таъкидланган.
Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари минтақавий кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилган.