Си Цзиньпин Имомали Раҳмонни “Дўстлик” ордени билан тақдирлади

Олам

image

Хитой раҳбари Си Цзиньпин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмонни давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени билан тақдирлади. Бу ҳақда Тожикистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Мукофотни топшириш маросими икки давлат раҳбарлари ўртасида музокаралар олиб бориладиган Миллат саройида бўлиб ўтди. Раҳмон Хитой раҳбарига мукофотни топширгани учун самимий миннатдорлик билдирди.

“Менинг камтарона хизматларимга юксак баҳо берганингиз ва Хитой Халқ Республикасининг юксак мукофоти – “Дўстлик” ордени билан мукофотлаганингиз учун чин дилдан миннатдорман”, дейди Президент.

Унинг фикрича, бу бутун тожик халқи учун Хитой билан дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги мукофотдир.

“Қўшничилигимизнинг қарийб 33 йили давомида Тожикистон-Хитой чегарасида биронта ҳам нохуш ҳодиса рўй бермаган”, деб таъкидлади Тожикистон раҳбари.

Ўз навбатида, Си Цзиньпин тақдирлаш маросими Хитойдан ташқарида илк бор ўтказилганини таъкидлади. Хитой раҳбарининг айтишича, Раҳмон “Хитой ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларни яратган ва илгари сурган фавқулодда сиёсатчидир”. У икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик самарали бўлиб, “бой мевалар” келтирганини қўшимча қилди.

Маълумот учун, “Дўстлик” ордени Хитой Халқ Республикасининг 2016 йил 1 январдан кучга кирган “Давлат мукофотлари ва давлат фахрий унвонлари тўғрисида”ги қонуни билан давлат мукофоти сифатида тасдиқланган. У фақат Хитойнинг давлат қурилиши ва модернизациясига, ХХР ва хорижий давлатлар ўртасидаги алоқа ва ҳамкорликни ривожлантиришга, бутун дунёда тинчликни сақлашга алоҳида ҳисса қўшган хорижий фуқароларга берилади.

2018 йилда Россия президенти Владимир Путин тарихда биринчи бўлиб ушбу мукофотга сазовор бўлган.

Хитой раҳбари Душанбега бир кун аввал давлат ташрифи билан келган эди. Ташриф давомида Раҳмон билан тор ва кенгайтирилган таркибда музокаралар бўлиб ўтди.

Шунингдек, Хитой томони молиялаштирган Тожикистон ҳукумати ва парламентининг янги биноларининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Цзиньпиннинг ташрифи 6 июль куни якунланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Хитой Си Цзиньпин Имомали Раҳмон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made