Си Цзиньпин Хитойни урушга тайёрлаётганини айтди – “Foreign Affairs”

Олам

image

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин мамлакатини урушга тайёрлаётганини айтди. Бу ҳақда “Foreign Affairs” нашри хабар берди

Маълум қилинишича, Цзиньпин Хитой парламенти ва унинг олий сиёсий маслаҳат органининг йиллик йиғилишида тўртта нутқ орқали ушбу мавзуни ёритиб берган. Нутқ давомида у генераллардан бирига “жанг қилишга журъат этинг”, деб таъкидлаган. Унинг ҳукумати, шунингдек, сўнгги ўн йилликда икки баробар ўсган мудофаа буджети яна 7,2 фоизга ортганини маълум қилган. Бундан ташқари мамлакатнинг импорт ғаллага бўлган қарамлигини камайтириш режаси ҳам эълон қилинган. 

Маълумотларга кўра, сўнгги ойларда Пекин ҳарбий тайёргарлик бўйича янги қонунлар, Тайвань бўғози бўйлаб жойлашган шаҳарларда ҳаво ҳужумидан яшириниш учун бошпаналарни ҳамда “Миллий мудофаа сафарбарлиги” идораларини жорий қилган. 

Нашрда эълон қилинган мақолада айтилишича, ҳозирча воқеалар ривожи нима билан тугашини айтишга эрта. Бироқ агар Си Цзиньпин урушга тайёрлигини айтган экан, унинг гапини жиддий қабул қилиш керак. Нашр Хитойнинг урушга тайёрланаётган бўлиши мумкинлигининг исботи сифатида бир неча аломатларни келтирган. Хусусан, Си Цзиньпиннинг Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши ва Хитой Халқ сиёсий маслаҳат конференциясининг бу йилги йиғилишларида сўзлаган нутқи Хитой нашрларидан бирида эълон қилинган. Унда Хитой раҳбари миллий мудофаа ва армияни модернизация қилишни тезлаштириш кераклигига урғу берган. Нутқ давомида АҚШга ҳам шаъма қилинган.

“Бизга таъсир қилиши мумкин бўлган урушлар олдида душманлар билан улар тушунадиган тилда гаплашишимиз ҳамда тинчлик ва ҳурмат қозониш учун ғалабадан фойдаланишимиз керак. Янги даврда Халқ Армияси жангларни тўхтатиш учун куч ишлатишни талаб қилмоқда. Армиямиз жанговар маҳорати, кучли жанговар руҳи билан машҳур. У фақат тариқ ва милтиқлар билан Америка техникаси билан жиҳозланган Гоминдан армиясини мағлуб этди. У Корея жанг майдонида тиш-тирноғигача қуролланган дунёнинг биринчи рақамли душманини мағлуб этди ва дунёни ларзага солган, арвоҳлар ва худоларнинг йиғлашига сабаб бўлган кучли ва улуғвор жанговар драмаларни намойиш этди”, дейилади унда. 

Хитой раҳбарининг эҳтимолий урушни режаалаштираётганига оид ишоралар олдинроқ, ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам пайдо бўлган. Ўшанда Пекин Халқ озодлик армиясига захира кучларни осонроқ фаоллаштириш ва уруш пайтида жанговар қўшинларни тўлдириш тизимини ташкил этиш имконини берадиган янги қонунни эълон қилганди. Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Хитой Владимир Путиннинг Украина урушидаги муваффақиятсизлигидан ҳарбий сафарбарлик жорий қилиш бўйича етарлича сабоқ чиқарган бўлиши мумкин. 

Ушбу қонун Пекиннинг урушга  тайёргарлигига ишора қилувчи ягона белги эмас. Шу йилнинг февраль ойида Бутунхитой халқ вакилларининг олий маслаҳат органи қабул қилган қарор ҳам Хитой бошламоқчи бўлган урушга алоқадор бўлиши ва ундан Тайванни эгаллашга қарши бўлганларни нишонга олишда фойдаланилиши мумкинлиги айтилмоқда. Шунингдек, Пекин ушбу қонундан Тайвань босиб олингудек бўлса, унинг ҳудудида қонуний юрисдикцияни талаб қилиши ёки Хитой фуқароларини уруш пайтида ўз қарорларини қўллаб-қувватлашга мажбурлаш учун фойдаланиши мумкинлиги тахмин қилиняпти.

Хитой расмий матбуотининг хабар беришича, ўтган йилнинг декабрь ойидан бери мамлакат бўйлаб, жумладан, Пекин, Фуцзянь, Хенан, Хубей, Шандун, Ички Мўғулистон, Шанхай, Сичуан, Тибет ва Уханда бир нечта Миллий мудофаа сафарбарлик бўлимлари очилган. Шунингдек, Тайвань бўғози бўйлаб жойлашган Фуцзянь провинциясидаги шаҳарларда ҳаво ҳужумидан бошпаналар ва камида битта уруш даврида фойдаланиладиган тез тиббий ёрдам касалхонаси ишга туширилган ёки модернизация қилиш ишлари бошланган. Март ойида эса Фуцзянь ва провинциянинг бир қатор бошқа шаҳарларида хориждаги IP-манзилларга ҳукумат веб-сайтларига кириш чекланган. Бу Хитойнинг урушга тайёргарлигини кузатишга тўсқинлик қилиш мақсадида амалга оширилгани айтилмоқда.

Хитой халқ сиёсий маслаҳатлашув конференциясида Тайваннинг мустақиллиги тарафдори бўлган шахслар ва сиёсий раҳбарларни қора рўйхатга киритиш ҳам таклиф қилинган. Шунингдек, йиғилишда собиқ Бош вазир Ли Кэцян 2023 йилга мўлжалланган 1,55 триллион юанлик (тахминан 224,8 миллиард доллар) ҳарбий бюджетни эълон қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга кўп демакдир. У ҳам “урушга тайёргарлик”ни тезлаштириш кераклигини таъкидлаган. 

Халқаро экспертлар Хитой охирги йилларда мудофаа бюджетини камайтириб кўрсатаётганини иддао қилади. Масалан, 2021 йилда Пекин мудофаа учун 209 миллиард доллар сарфлаганини даъво қилган бўлса, Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти ҳақиқий кўрсаткични 293,4 миллиард доллар деб баҳолайди. Ҳатто, Хитой эълон қилган расмий миқдор ҳам АҚШнинг Тинч океани шартномаси бўйича барча иттифоқчиларининг (Австралия, Япония, Филиппин, Жанубий Корея ва Таиланд) умумий ҳарбий харажатларидан ошиб кетади. 

Си Цзиньпин 6 март кунги нутқида АҚШни Хитойнинг рақиби сифатида алоҳида ажратиб кўрсатган, шунингдек, Тайванни материкка бирлаштиришни ўзининг устувор вазифаси эканини яна бир бор қайд этганди. Бундан ташқари, у хусусий бизнесни Хитойнинг ҳарбий ва стратегик мақсадларига хизмат қилишга ундаган. 

“Унинг урушга тайёргарлик ҳақидаги хабарлари ва миллий тикланишни (Си Цзиньпин эълон қилган этник сиёсат бўлиб, ундан мақсад этник жиҳатдан бир хил “миллий давлат” яратиш ва этник озчилик маданиятини Хитой маданияти билан алмаштириш ҳисобланади) бирлашиш билан тенглаштириши Тайванни қўрқитиш учун сиёсий уруш кампаниясининг янги босқичини англатади. У оролни эгаллаш учун куч ишлатишга тайёрлиги аниқ. У Қўшма Штатлар билан назоратсиз кескинлашувни хавф остига қўймасдан буни қила оладими ёки йўқми, номаълумлигича қолмоқда”, дея қўшимча қилинади хорижий нашр хабарида.

Нодиржон Мадаминов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Хитой уруш Си Цзиньпин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг